Қандай уйлар бошқарувчи компанияларга бириктирилади?

Ўзбекистоннинг 15 та ҳудудидаги 1227 та кўп қаватли уй, шу жумладан, Тошкентнинг Юнусобод туманидаги иккита мавзеда жойлашган уйлар бошқарувчи ташкилотларга бириктирилади. Улар очиқ танлов орқали танланади. Ҳужжатнинг айрим бандлари Уй-жой кодексига ва «Кўп қаватли уйларни бошқариш тўғрисида"ги қонунга зид бўлиши мумкин.

Сенатнинг 16-ялпи мажлиси 25 июнь куни чақирилади

Сенат 16-ялпи мажлисда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги, давлат тили тўғрисидаги ва бошқа қатор қонунларни кўриб чиқиб, Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарлари чегараларини ўзгартириш масаласини муҳокама қилади.

Ўзбекистон 2021 йилда «Газпром»дан 1,5 млрд куб газ сотиб олди

2021 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон «Газпром»дан Хитойга (0,54 млрд куб метр) экспорт қилганидан ҳам кўпроқ газ сотиб олди. 2020 йилда мамлакат «Газпром»га газ етказиб беришни тўхтатган эди.

50 ёшдан ошган фуқаролар ҳамда ОТМ профессор-ўқитувчиларини эмлаш бошланади

Ўзбекистонда COVID-19га қарши эмланадиганлар гуруҳи кенгайтирилди. Энди 50 ёшдан ошган фуқаролар ва ОТМ профессор-ўқитувчиларини эмлаш бошланади. Сўнгги кунларда инфекция билан касалланиш ҳолатлари бироз ортганлиги сабабли ҳудудларда коронавирус беморларини даволашга йўналтирилган тиббиёт муассаларининг тайёргарлик ҳолатини таҳлил қилиш ва зарур дори воситалари захирасини шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.

Коронавирус сабабли Ўзбекистон Афғонистон билан чегарани ёпди

Афғонистонда эпибемиологик вазиятнинг кескинлашаётганлиги сабабли ўзбек-афғон чегарасида фуқароларнинг ҳаракатланиши вақтинча тўхтатилади.

ТИВ Ўзбекистонда махфий биологик қурол ишлаб чиқарилаётганини рад этди

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда махфий биологик қурол ишлаб чиқарилаётганини рад этди. Маълум қилинишича, ушбу лабораториялар фақат диагностик тадқиқотлар ўтказиш ва тинчлик мақсадларидагина фойдаланиш учун мўлжалланган.

Kun.uz раҳбари сайтдаги диний мавзуда эълон қилинган мақолалар учун жаримага тортилди

Сайтда эълон қилинган диний мазмундаги материаллар учун Kun.uz асосчиларидан бири ва раҳбари 12,2 млн сўм миқдорида жаримага тортилди. Суд қароридан кейин нашр янгиликларни эълон қилишни тўхтатди.

Сурхондарёда тез ёрдам машинасини ўтказмаган ЙПХ ходимлари лавозимидан озод этилди

Сурхондарё вилоятида ўтказилган «Ёшлар фестивали» сабабли ЙПХ ходимлари йўлнинг ҳаракатланиш вақтинча чекланган қисмида чақирув бўйича манзилга кетаётган тез ёрдам машинасини ўтказмаган. Маълум бўлишича, 21 июн куни ушбу ходимлар лавозимидан озод этилган.

Навоийда тўрт нафар тилла қазувчи вафот этди, уч киши шифохонага ётқизилди

Навоий вилоятида ноқонуний равишда тилла қумларини қазиб олиш билан шуғулланган тўрт киши «электродвижок»дан чиққан ёқилғи тутунидан заҳарланиб, вафот этган. Яна уч нафар фуқаро шифохонага ётқизилган.

Кластер усулида мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Ҳудудларда кластер усулида мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил этилади. Тадбиркорлар маҳсулот экспортини йўлга қўйган тақдирда бир қатор имтиёзларга эга бўлади, қолаверса, ҳомашё ва эҳтиёт қисмлар импорти учун божхона божидан озод қилинади.

«Мақсад бизнинг овозимизни ўчириш бўлди» — Azon.uz раҳбарияти сайтдаги мақолалар учун жаримага тортилди

Azon.uz нашри раҳбарияти сайтда эълон қилинган диний мазмундаги мақолалар учун жаримага тортилди. Шунингдек, суд сайтдаги баъзи хорижий хабарларни «Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан муносабатини бузиши мумкин» деб топган. Azon.uz бош муҳаррири «Газета.uz»га ушбу суд жараёнини «журналистик фаолиятга тажовуз» дея таърифлади. Унинг айтишича, Диний қўмита таҳририятга диний материалларни мустақил чиқариш учун оғзаки рухсат берган бўлган. Суд қароридан кейин нашр янгиликларни эълон қилишни тўхтатди.

Абдулла Арипов Россия бош вазири билан учрашди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Москвада Россия ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин билан учрашди. Россия бош вазири Ўзбекистоннинг ЕОИИда тўлақонли иштирок этиши иқтисодиёт ўсиши учун қўшимча имкониятлар яратишини таъкидлади. Учрашувда, янги ўқув йилидан Ўзбекистонда Россия олийгоҳларининг яна учта филиали очилиши, Россиядан яна 200 нафар ўқитувчилар Ўзбекистонга юборилиши маълум қилинди.

Ниқобсиз шахслар жамоат транспортлари салонига чиқарилмайди

Республика махсус комиссияси йўналишли автобус ва метрога ниқобсиз бўлган шахсларни транспорт воситалари салонига чиқармаслик бўйича қарорни қабул қилди. Темир йўл вокзаллари ва аэропортларда эса карантин чораларига риоя қилиниши қатъий назоратга олинади.