Республика махсус комиссияси қарорига кўра, йўналишли автобус ҳайдовчилари (кондукторлари) ва метро кузатувчилари ниқобсиз бўлган шахсларни транспорт воситалари салонига чиқармаслик (киритмаслик) чораларини кўриши белгиланди.

Бу борадаги таклиф Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Транспорт вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан киритилган.

Шунингдек, мунтазам равишда микрофон орқали йўловчилар масъулиятини ошириш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, жамоат транспортларининг охирги бекатида дезинфекция-тозалаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Темир йўл вокзаллари ва аэропортларда эса санитария-эпидемилогия талабларига амал қилиниши қатъий назоратга олинади. Жумладан, дезинфекция ва тозалаш тадбирлари мунтазам равишда амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 21 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 106847 (+395) нафарни ташкил этмоқда. Энг кўп ҳолат Тошкент шаҳри (156), Тошкент (28), Самарқанд (34) ва Сурхондарё (25) вилоятларида кузатилган. Касалликдан вафот этганлар сони эса 720 нафарни ташкил қилди.

Ўз навбатида, жами соғайганлар 102546 (+383) нафарга етди.

ССВ маълумотига кўра, Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига касалларни июнь бошида кунлик ётқизиш кўрсаткичи 45−50 кишидан иборат бўлган, ҳозирда бу кўрсаткич 140−150тага етган.

Бундан ташқари, 15 мартдан қайта ишга тушган 1003 қисқа рақамига сўнгги 10 кун ичида (12−21 июнь кунлари) 2962 нафар фуқаро мурожаат қилган.