Соғлиқни сақлаш вазирлиги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотган дорихоналарга қарши қатъий чоралар кўрилишидан огоҳлантирди. Аввалроқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Тошкент дорихоналарида 37 та ҳолатда 62,3 мингдан зиёд кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний сотилаётгани аниқлангани ҳақида хабар қилинган эди.

Вазирлик аксарият дорихоналарнинг дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун тегишли лицензияга эга бўлмасдан ноқонуний фаолият юритганини маълум қилди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилаётгани, суриштирув натижаларига кўра, айбдорларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилиши таъкидланди.

«Мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) рецепт асосида бериладиган ҳамда электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартибининг бузилиши лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади ва лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келади», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наркотикларни назорат қилиш қўмитасираиси, фармацевтика фанлари доктори, профессор Исматжон Азизов.

Вазирлик хабарида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186.3-моддасига мувофиқ, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини такроран бузганлик учун беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши эслатиб ўтилди.

Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 декабридан бошлаб,кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган (юлдузча билан белгиланган) алоҳида дори воситаларининг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 14 мингдан зиёд дорихона фаолият юритиб келаётган бўлиб, шундан 2360 тасипойтахтда жойлашган.