Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида ўзганинг қурилиш материалини бошқа бир фуқарога 35,7 минг долларга сотган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.

Унга кўра, фуқаро Б.М. фуқаро А.га метaлл савдоси билан шуғулланувчи корхонаси мавжудлигини, шунинг учун арзон нархларда арматура топиб беришини маълум қилган.

Аниқланишича, у аслида Зангиота туманидаги бозорда савдо қилувчи О.га тегишли 50 тонна арматурани ўзига тегишли деб алдаб, фуқаронинг пулларини қўлга киритган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.