Ўзбекистон вилоятларида тўлиқ пишиб етилиши ноқулай об-ҳаво туфайли қарийб бир ойга кечиккан «эртапишар» сабзи ҳосилини йиғиб олиш бошланди, дея хабар қилди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

«Оммавий йиғиб олиш ишлари июлнинг биринчи санасига режалаштирилган. Бу бозорни янги сабзи билан тўлиқ таъминлаш ва унинг нархи босқичма-босқич арзонлашувига олиб келади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ «Газета.uz» мамлакат бозорларида сабзи нархи кескин кўтарилиб, килограмига 11 минг сўмгача етгани ҳақида хабар берган эди. Йил бошидан буён эса ушбу маҳсулот нархи 60 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буни ташқи бозорларда сабзи нархининг кўтарилган, шунингдек, совуқ ҳаво туфайли етилиш муддати кечиккани билан изоҳлади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда умумий майдони 124,4 минг гектарга (ўтган йилга нисбатан 18,2 минг гектарга кўп) сабзи экиш ва жами 2,3 миллион тонна ҳосил олиш режалаштирилган. Аҳолининг йиллик талаби 800 минг тоннани ташкил этади. Етиштирилган сабзининг қолган қисми экспорт қилинади ва қайта ишланади.

Сабзи тупроқ-иқлим шароитига мос равишда Қорақалпоғистон, Жиззах, Тошкент, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида экилади.