22 июнь куни Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистондаги лабораториялар биологик қурол ишлаб чиқаришга мўлжаллангани ҳақидаги хабарларларни рад этиб, баёнот билан чиқди.

«Ўзбекистон Республикаси сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари билан биохавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлиги гўёки яқин жойлашган давлатлар учун хавф туғдираётгани борасидаги асоссиз баёнотлар тарқалиши кузатилаётганини қайд этади», — дейилади хабарда.

«ОAВда Ўзбекистондаги мавжуд лабораторияларнинг гўёки биологик қурол ишлаб чиқаришга мўлжалланганлиги тўғрисида тарқалаётган маълумотларнинг мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигига эътибор қаратамиз», — дея қайд этилади ТИВ баёнотида.

«Шуни таъкидлаш керакки, ушбу лабораториялар фақат диагностик тадқиқотлар ўтказиш ва тинчлик мақсадларидагина фойдаланиш учун мўлжалланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Бактериологик ва токсик қурол-яроғларни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенсия иштирокчиси сифатида биологик қурол-яроқларни ишлаб чиқариш ва тўплашнинг тақиқланишини таъминлайди», — дея қўшимча қилинади хабарда.

«Ўзбекистонга нисбатан билдирилган ҳар қандай асоссиз баёнотлар икки томонлама муносабатларда муайян кескинликни келтириб чиқаради ва, энг муҳими, ўзаро ишончга асосланган давлатлараро мулоқотга зарар етказади, деб ҳисоблаймиз», — дея хулоса қилади ТИВ.

Май ойида Sputnik Ўзбекистон эпидемиолог шифокор, Россия Федерацияси Давлат думаси депутати Геннадий Онишенко билан интервьюни эълон қилди. Унда «айрим МДҲ давлатлари ва Грузияда жойлашган Пентагон назорати остидаги илмий лабораториялар расмий Москванинг жиддий хавотирланишига сабаб бўлмоқда» ва «Россияда ушбу марказларда хавфли инфекцияларни ўрганиш мақсади остида биологик қурол ишлаб чиқилаётганлигидан хавотирланишмоқда» деб айтилади.

2016 йил октябрь ойида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси АҚШ биотерроризм хавфларини камайтириш Агентлиги (DTRA) иштирокида Урганчда минтақавий диагностика лабораторияси очилганлиги ҳақида хабар берган эди. 2017 йил апрелида Тошкентда АҚШ касалликларни назорат қилиш ва профилактика қилиш Маркази (CDC) кўмагида Микробларган қарши препаратларнинг резистентлигига қарши кураш Миллий маркази очилган эди.