Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси Афғонистон Ислом Республикасида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганлиги сабабли Афғонистон билан чегараларни ёпади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Шу билан бирга, Афғонистон фуқароларига туристик визалар беришни ҳамда туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади.

Бунда «Термиз-автойўл» чегара ўтказиш пункти орқали қуйидаги тоифадаги фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади:

  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалар ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига;
  • халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга;
  • ўз юртига қайтаётган Ўзбекистон ва Афғонистон фуқароларига.

Шунингдек, «Термиз-автойўл» чегара ўтказиш пункти орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан ўтказиш пунктида фаолият юритаётган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.

Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган Ўзбекистон фуқаролари тегишли ҳудудда жойлашган махсус клиникаларга даволаш учун юборилади.

Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.

20 июнь куни Афғонистонда 1927 та коронавирус билан касалланишнинг янги ҳолатлари қайд этилди, инфекциядан яна 93 киши вафот этди. Натижада, мамлакатда расмий қайд этилган коронавирус беморлари сони 103921 кишига етди, ҳозирга қадар 4215 киши коронавирус сабабли вафот этди.

11 июнь куни Ўзбекистон Афғонистонга 1000 кислород баллонидан иборат инсонпарварлик ёрдами юборди. Фавқулотда ёрдам коронавируснинг учинчи тўлқини билан дуч келган Афғонистон ҳукумати сўрови асосида юборилди.