Самарқанд вилоятида 19 ёшли қиз корхонада иш вақтида зўрланди, дея хабар берилмоқда Zamon дастурида.

Маълумотга кўра, 19 ёшли қиз Самарқанддаги текстиль корхоналаридан бирида ишлаган. Оилада фақат онаси иккови пул топади, отаси ва укаси ҳеч қаерда ишламайди. «Оилавий шароитимиз оғирроқ. Оиламизга моддий ёрдам бўлсин, деб ишламоқчи эдим», — дейди у.

23 май куни қиз корхонада тунги навбатчиликда қолган. Соат кечки 10 дан ўтиб, 11 ларга яқин унинг олдига уста кириб келиб, ундан коридорга чиқишини сўраган.

«Чиқмасанг бўлмайди, қўймаяпти. Оёқ-қўлимни боғлаб, машинада олиб кетишди. Бинонинг ёнбошида қурилиши битмаган 9 қаватли бино бор экан. Шу уйнинг олдида бир-икки одам бор эди. Бақиролмас эдим, оғзимни боғлаб қўйган эди. Ҳолат машинада бўлди», — деган қиз.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан 28 ёшли А.Ф. га нисбатан ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан сиртдан қамоқка олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда ёш келинчакнинг олти эркак томонидан зўрлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ келинчакнинг ёлғон кўрсатма бергани маълум бўлди.