Президент матбуот котиби Шерзод Асадов душанба кунги брифинг якунида журналистларнинг вакцинага оид саволларига жавоб бера туриб, президент Администрацияси ходимлари қаторида ўзи ҳам эмланганини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Таъкидланишича, президент Администрацияси ходимларини вакцинация билан қамраб олиш жараёнларида дастлаб 65 ёш ва ундан юқори ёшдагилар, сурункали касаллиги бор бўлган ходимлар эмланган.

Республика махсус комиссиясининг 25 февралдаги қарорига мувофиқ, коронавирус инфекцияси билан касалланишда хавф гуруҳига ОАВ ходимлари ва блогерлар ҳам киритилган ва улар ҳам биринчилар қаторида эмланиши белгиланганди.

Шунга асосан, президент матбуот хизмати ходимлари ҳам май-июнь ойларида эмалана бошланган.

«Шахсан мен, икки ҳафта олдин, 7 июнь куни ZF-UZ-VAC2001 (Хитой-Ўзбекистон) вакцинасининг биринчи компоненти билан эмландим. Хабарингиз бор, бу вакцинани ишлаб чиқаришда ўзимизнинг олимларни ҳам ҳиссаси бор. Мен шуни танладим», — деди давлат раҳбарининг матбуот котиби.

Шунингдек, сўнгги кунларда касалланиш ҳолатлари 300 тадан 385 тагача ортгани таъкидланди.

«Шу фурсатдан фойдаланиб, ҳамкасбларимиздан, умуман, барчадан илтимос қилмоқчиман. Биласиз, бу — жуда айёр касаллик. Охирги пайтларда карантин қоидаларига амал қилиш сусайгани, кўпчилик бепарво бўлиб қолгани сабабли касаллик юқиши яна кўпая бошлади. Шунинг учун бунга эътиборни ҳеч сусайтирмасдан, ниқоб тақиш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби қоидаларга қатъий риоя қилишни давом эттиришимиз керак. Шунда биз ўзимизни, оиламизни, бир-биримизни асраган бўламиз», — деди Шерзод Асадов.

Вакцина билан дастлаб қамраб олиниш лозим бўлган хавф гуруҳига кирувчи аҳоли сони 4 млн 112 минг 868 нафарни ташкил этади.

Бунинг учун Ўзбекистонга жами — уч турдаги 5,4 млн вакцина (660 минг доза икки компонентли AstraZeneca, 240 минг доза — «Sputnik V», 4,5 млн доза — уч компонентли «ZF-UZ-VAK 2001») келтирилди.