Ушбу ҳафтада президент Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан ҳам танишади, дея хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадовга таяниб «Газета.uz» мухбири.

Президент ҳафтани 15−16 июль кунлари Тошкентда ўтиши режалаштирилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга тайёргарлик бўйича йиғилишни ўтказиш билан бошлайди.

«Душанба куни Тошкент шаҳрини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тақдимот бўлиши кутилмоқда. Эртага мис ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ҳамда саноат кластерини ташкил этиш юзасидан йиғилиш, 23 июнь куни Янги Ўзбекистон университетини ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот ўтказилиши мўлжалланган», — деди Асадов.

Шунингдек, тармоқ ва ҳудудларда инвестиция лойиҳалари ижроси ҳамда маҳаллий саноат лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор ҳам режага киритилган.