15 июнь куни Тошкентда икки нафар Жанубий Корея фуқароси ўртасида юзага келган жанжал натижасида улардан бири вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса соат тахминан 04:00 ларда пойтахтнинг Чилонзор тумани Дўмбробод 4-тор кўчасида жойлашган уйларнинг бирида содир бўлган. 44 ёшли Корея Республикаси фуқароси К. Д. маст ҳолатда 40 ёшли юртдоши К.Ж., билан юзага келган келишмовчилик натижасида ўткир тиғли жисмни Ж.Кимга қарата отиб, тан жароҳат етказган. Натижада К.Ж. тан жароҳатлари билан РШТЁИМга олиб борилган.

Мазкур холат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан К. Д.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодекснинг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.

16 июнь куни жабрланувчи олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.

Шу куни Д.К.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «Д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда таэквондо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи бўлган жанубий кореялик ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.


Ким Жин Ёунг (김진영) 15 июнь куни таниши, ҳамкасби ва ватандоши томонидан пичоқлангани, жабрланувчи касалхонада 6 соат давомида операция қилингани, бироқ 16 июнь куни вафот этгани хабар қилинди.

Хабарда Ўзбекистонда бир ой муқаддам ташриф буюрган гумонланувчининг жиноят содир этган жойдан қочиб кетгани, аммо яқин атрофда ИИО ходимлари томонидан қўлга олингани қайд этилган.