Aqlvoy болалар телеканалида эфирга узатилган «Шаҳризода. Айтилмаган ҳикоялар» ва «Арт-Одиссея» мультсериалларидаги икки саҳна ижтимоий тармоқларда шов-шувларни келтириб чиқарди.

UnchaMuncha телеграм канали (158 минг обуначиси бор) «Арт-Одиссея» мультфильмидаги Ренессанс даврига мансуб машҳур италян рассоми Сандро Боттичеллининг «Венеранинг туғилиши» картинаси тарихи ҳикоя қилинган эпизодни эълон қилди. Изоҳда шундай дейилади:

«Болалар учун очилган AQLVOY телеканалида навбатдаги „шедевр“ мультфильм намойиш этилди. Буларни назорат қиладиган ташкилот борми ўзи?»

Бошқа бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси шундай деб ёзди: «Канал ижодкорлари, сизларда ақл борми ўзи? Нимани тарғиб қиляпсизлар? Жудаям асабни буздиларинг! Эй беюз, ақлсиз, бефаросатлар! Хоҳласаларинг, уйингда фарзандларинга қўйиб берларинг бунақа нарсаларни. Бутун миллат фарзандларининг тарбиясини бузмасдан… Қайси ақл билан буни экранга чиқаришган, жавоб беришсин?»

Жамоатчиликнинг муносабати хилма хил бўлди. Хонанда Лола Йўлдошеванинг айтишича, ёш томошабинларнинг аксарияти, эҳтимол, италиялик рассом Сандро Боттичелли асарлари ҳақида эшитмаган ёки билмайди.

«Шунинг учун ушбу канал бошқа таълим дастурлари қатори болаларга шунчаки бундай таркибни тақдим этиши шарт. Олдинга қанча қадам ташламайлик, менга икки баравар кўпроқ ортга чекинаётганимизга тобора амин бўлиб бормоқдаман. Бу жуда ачинарли. Бу жуда қайғули. Ва шунинг учун ҳам кўплаб одамларда нимадир қилиш истаги йўқолади. Мен улардан бириман», — деди у.

Норозиликларни келтириб чиқарган иккинчи эпизодда «Шаҳризода. Айтилмаган ҳикоялар» мультсериалида малика Жинан Оловуддинни ўпади.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар сабабли Aqlvoy телеканали ўзининг Telegram-каналида изоҳ берди.

«Афсус билан шуни тан оламизки, болаларда янгиликка интилиш, уларни жаҳон маданий мероси билан таништириш, атроф-муҳитни ўрганишга қизиқиш уйғотишга қаратилган контент танланганига қарамай, унинг ичида кичик ёшдаги болалар учун номаъқул бўлган саҳналар инсон омили сабаб эфирга узатилган», — дейилади хабарда.

Телеканалнинг қайд этишича, Aqlvoy 22 мартидан бошлаб тест режимида эфирга узатиб борилмоқда.

«Том маънода каналимиз энди оёққа турмоқда. Йўл қўйилган хатолар, албатта, каналимизнинг келгусида эҳтиёткорликка амал қилишига, унинг янада яхшиланиши, қизиқарли ва фойдали бўлишига туртки бўлади. Ушбу йўл қўйилган хато бўйича бутун канал иждодкорлари керакли танбеҳни олди. Улар яна бир бор Ўзбекистон Республикасининг"Болаларни уларнинг соғлигига зиён етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш» тўғрисидаги қонун талаблари билан таништириб чиқилди ва ушбу қонун бузилиш ҳолатларида интизомий жазо қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди", — дея маълум қилди телеканал.

Контент назорати кучайтирилиши учун қўшимча ходим ишга олинади.

Келажакда юқоридаги каби хатоларга йўл қўйилмаслик учун дубляж билан шуғулланаётган компаниялар билан қўшимча келишувлар амалга оширилди. Энди уларга маънавиятга зид бўлган лавҳалар ҳақида маълумот бериб туриш мажбурияти топширилади.

Aqlvoy болалар маърифий-кўнгилочар телеканали уч ёшдан ўн ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Aqlvoy Россия, АҚШ, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг мультсериаллари ва дастурларини эфирга узатади.