Ижтимоий тармоқларда Spark автомашинаси ҳайдовчиси ЙПХ ходимини автомобил капотида судраб кетаётгани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 19 июнь куни соат 19:30 ларда Aндижон вилояти, Aндижон шаҳар, Бобур шоҳ кўчасида содир бўлган.

Spark русумли автомобиль ҳайдовчиси ЙПХ ходими Б.Комилжоновнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатда давом этган. ЙПХ ходими алоқа воситаси ёрдамида ўзидан кейинги ходимга автомобил маълумотларини етказган. ЙПХ ходими И.Бобабеков Spark автомобили ҳайдовчисига тўхташ ишорасини кўрсатишига қарамасдан ҳайдовчи ходимнинг устига автомобилни бошқарган. Aвтомобиль капотига осилиб қолган И.Бобабеков тахминан 50−60 метр масофадан сўнг тушиб қолган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Aндижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳайдовчи Жиноят Просессуал Кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида ҳудди шундай ҳодиса Тошкентда содир бўлган эди. Унда Nexia ҳайдовчиси ЙПХ ходимини капот устида 10−20 метр масофада судраб кетган эди.