Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш арафасида юзага келган миллий тест тизими атрофидаги можаро ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бирига айланди. Айрим фанлар бўйича тест топшириқларининг синовлар олдидан тарқалгани маълум бўлди.

Давлат тест маркази матбуот хизматининг хабар беришича, тест топшириқлари Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган. Халқ таълими вазирлиги эса тест топшириқларини яратишга жалб қилинган экспертлар билан шартномалар тўғридан-тўғри ДТМ томонидан тузилганлиги, тест топшириқлари Давлат тест маркази биносида яратилганлиги, вазирлик тестларни ташкил қилиш ёки яратилган тестларни жойларга етказиб беришда иштирок этмаганлиги тўғрисида баёнот билан чиқди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳам худди шундай баёнот берди. Profi Education ўқув маркази Facebook ижтимоий тармоғида сертификат натижаларини бекор қилишни талаб қилди. Манбаларнинг хабар беришича, муаммо билан Сенат ҳам қизиқиб қолган ва тегишли идораларга сўров юборган.

ДТМ тест топшириқлари тарқалганлигини инкор этмади ва тест топшириқлари синовда қатнашган шахслар томонидан ёдлаб чиқилиб, синов ўтказилгандан сўнг компьютерда терилган, деган тахминни илгари сурди. Ушбу тахминни ДТМ директори ўринбосари Сардор Раджабов ҳам адвокат ва блоггер Хушнудбек Худойбердиевнинг Телеграм-каналидаги овозли чат вақтида такрорлади. Бироқ, мазкур тахминга ишониш қийин — ёдлаш бир эмас, балки бир нечта абитуриентга ишониб топширилган тақдирда ҳам, тест вариантининг структурасини хотирадан шу қадар аниқ тиклаш деярли имконсиз.

ДТМ тестлари билан боғлиқ муаммолар илгари ҳам кузатилган. 2020 йилги кириш имтиҳонлари пайтида Тошкент давлат юридик университетига кириш тестларида фойдаланилган тест топшириқлари сотилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Бундан ташқари, техник хатолик сабабли баъзи вилоятлардаги тест натижалари қайта ҳисоблаб чиқилган эди. Бундан олдин эса, кимё фанидан тест топшириқлари бўйича кўплаб шикоятлар қайд қилинган эди.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун халқаро имтиҳонларда қандай стандартлар қабул қилинганлиги ва тест синовлари қоидаларига риоя қилинганлиги борасида шубҳалар уйғонса, қандай чоралар кўрилишини таҳлил қилиб кўрамиз. Шу билан бирга, миллий тест тизими билан солиштиришга уриниб кўрамиз.

Лицензиялаш, тестларни ишлаб чиқиш ва тестни ўтказиш — ваколатлар ва жараёнларни чегаралаш

Халқаро имтиҳонлар амалиётини таҳлил қилсак, тестларни ишлаб чиқишни лицензиялаш (агар мамлакат қонунчилигида бундай лицензия талаб этилса), тест материалларини ишлаб чиқиш ва имтиҳонларни ўтказиш жараёнлари бир-биридан ажратилганлигини кўришимиз мумкин.

Тест материалларини ишлаб чиқиш билан тестология, психометрия, статистика бўйича кўплаб мутахассислар армиясига эга ташкилотлар шуғулланади. Бундай ташкилотларда нафақат тестлар ишлаб чиқилади, балки уларнинг валидлиги бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади.

Мазкур ташкилотлар, шунингдек, тестни ўтказиш жараёнига қўйиладиган талабларини ҳам ишлаб чиқадилар ва ушбу талабларни бажара олишини исботлаган ташкилотларга тестларни ўтказиш ҳуқуқини берадилар, яъни тест марказларини танлайдилар. Тест маркази тестни яратган ташкилотдан тест материалларини олади, тест жараёнини ўтказади ва тест материалларини тестни яратган ташкилотга қайтариб юборади. Шу билан бирга, тестни ўтказувчи марказ тестни яратган ташкилот томонидан бериладиган барча йўриқномаларга риоя қилиши шарт. Вақти-вақти билан тест марказлари қоидаларга қай даражада амал қилаётганлиги текширилади (аудит ўтказилади). Бундан ташқари, тестни яратган ташкилот тест ўтказилган ҳар бир марказ бўйича тест натижаларининг статистикасини доимий равишда таҳлил қилиб боради.

Лицензияловчи орган эса тестларни ишлаб чиқиш ва ўтказишда қоидалар ва стандартларга риоя этилишини назорат қилади.

Масалан, IELTS имтиҳони материаллари халқаро синовлар бозорида етакчи ташкилотлардан бири, инглиз тили имтиҳонларини ишлаб чиқувчи Cambridge Assessment English томонидан яратилади. Ўзбекистон ҳудудида имтиҳон Британия Кенгаши ёки IELTS’нинг эгаларидан бири бўлган IDP ташкилотидан имтиҳон ўтказиш учун лицензияга эга бўлган Edu Action ташкилоти томонидан ўтказилади. TOEFL ёки GRE имтиҳонлари ҳам худди шундай — АҚШда жойлашган, синовлар ва баҳолаш бўйича дунёдаги энг йирик нотижорат ташкилотларидан бири бўлган Educational Testing Service (ETS) тест материалларини яратади, аммо ташкилотнинг ўзи имтиҳонларни ўтказмайди.

Илгари ёзганимдек, Буюк Британияда парламент ҳузуридаги Ofqual малака ва имтиҳонлар бошқармаси имтиҳонларни тартибга солувчи орган ҳисобланади ва имтиҳонлар қоидаларини ишлаб чиқади. Ofqual’нинг ўзи имтиҳонларни ўтказмайди, лекин уларни ўтказадиган ташкилотлар томонидан бажарилиши керак бўлган талабларни белгилайди, шунингдек ушбу талабларнинг бажарилишини назорат қилади.

Россияда Ягона давлат имтиҳони (ЕГЭ) учун тест топшириқларини тузиш билан Педагогик ўлчовлар федерал институти, тест синовларини ўтказиш билан эса Федерал тест маркази шуғулланади.

Бу каби ваколатларнинг чегараланиши жараёнда қатнашадиган ҳар бир ташкилотнинг ўз иши учун жавобгар бўлишини ва «бир бирини тийиш ва мувозанат» тизими ишлашини таъминлайди. Лицензиялаш (назорат қилиш) ташкилоти баҳолаш билан шуғулланадиган барча ташкилотлар томонидан қоидалар ва талабларнинг бажарилишини холисона назорат қилади. Тест материалларини яратадиган ташкилот тестнинг валидлигини таъминлаш учун тестларни ишлаб чиқиш ва ўтказиш жараёнида барча қоидаларга риоя қилинишидан манфаатдор бўлади. Тестни ўтказувчи ташкилот (тест маркази) эса тестни ўтказиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун тестни ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан белгиланган қоидаларга риоя қилишга ҳаракат қилади. Мазкур ёндашув, шунингдек, қоидалар бузилган тақдирда бундай ҳолатларни аниқлаш ва суриштирув ўтказишни осонлаштиради.

Тестнинг валидлигига келсак, бу жуда муҳим масала, чунки таълим муассасалари ва иш берувчилар имтиҳон натижаларини қандайдир ҳукумат қарорлари кучи билан эмас, балки тестнинг валидлиги сабабли тан олишади. Тестлар ҳақидаги фан — тестология тест натижаларининг валидлигини тестнинг сифатини белгиловчи ягона мезон деб ҳисоблайди. Тест ташкилотлари учун дастурул-амал бўлиб хизмат қиладиган ҳужжат — Педагогик ва психологик тестлар бўйича стандартларда белгиланишича, тестлар шундай ишлаб чиқилиши керакки, тест натижалари валидлигини таъминласин. Тестларнинг адолатлилиги, ишончлилиги ва валидлигини таъминлаш учун кўрилган барча чоралар ҳужжатлаштирилиши керак. Бундан ташқари, тестни ўтказиш қоидалари ҳам тест натижаларининг валидлигини таъминлаши, бу қоидаларга риоя қилиниши эса доимий равишда текширилиши лозим.

Юқоридагиларни мисол ёрдамида тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Тасаввур қилайлик, қайсидир ташкилот тиббиёт факультетига кирувчилар учун кимё фани бўйича тестлар ишлаб чиқди. Тиббиёт олий ўқув юртлари тест натижаларини тан олишлари, яъни мазкур тестлар асосида абитуриентларни қабул қилишни бошлаши учун тест натижаларининг валидлигини исботлаш керак. Яъни, тест ҳақиқатан ҳам абитуриентнинг тиббиёт соҳасида ўқиш учун кимё фани бўйича тайёргарлик даражасини аниқлаб бера олиши исботланиши лозим.

Ўзбекистонда Давлат тест маркази (ДТМ) бир вақтнинг ўзида учта вазифани бажаради:

  • назорат қилувчи (регулятор) ташкилот — Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 февралдаги 130-сонли қарори билан тасдиқланган ДТМ тўғрисидаги низомга биноан ДТМ «таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олишга оид давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда тест синовларини ўтказиш тартибига риоя этилиши устидан назорат қилиш учун жавоб берадиган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади»;
  • тест материалларини ишлаб чиқувчи ташкилот — ДТМ мутахассисларни ёллайди ва тестларни ишлаб чиқади;
  • тест жараёнини ўтказувчи ташкилот — ДТМ бевосита тестларни ўтказади (тор маънода «тест маркази» вазифасини бажаради).

Эътибор беринг: ДТМ ўзи томонидан ишлаб чиқилган материаллар асосида тестларни ўзи ўтказади, шу билан бирга у «тест синовларини ўтказиш тартибига риоя этилиши устидан назорат»ни ҳам амалга ошириши керак. Бундан келиб чиқадики, агар бирор бир босқичда — тестни ишлаб чиқиш ёки ўтказишда — қоидаларга риоя қилинмаса, марказ, Гоголнинг машҳур комедиясидаги аёл сингари, «ўзини ўзи савалаши» керак. Аммо марказ бундан қанчалик манфаатдор? Масалан, мен бир вақтнинг ўзида ҳам колбаса ишлаб чиқарувчи ва колбаса маҳсулотларига қўйиладиган давлат стандарти талабларига мувофиқлигини назорат қилувчи бўлсам, табиийки, менинг колбасам ҳар доим ҳам давлат стандартларига мос келаверади, амалда ундай бўлмаса ҳам.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ДТМ умумтаълим фанлари бўйича миллий тест тизимини ўтказувчи ташкилот ҳисобланади. Шуни қайд этиш лозимки, тест синовларини ўтказиш ва сертификатлар бериш ДТМ ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тузилган таълим сифатини баҳоловчи бошқа ташкилот томонидан амалга оширилиши мумкин. ХТВ ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси эса тест материалларини ишлаб чиқувчи сифатида белгиланган, лекин тест топшириқларининг тарқалиб кетиши можаросидан сўнг ХТВ ва инспекция берган баёнотларга қараганда, ДТМ мутахассислар билан шартнома тузиб, уларни ўз ҳудудида иш билан таъминлаган ва ушбу мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган тестларни қабул қилиб, улардан фойдаланган, яъни тестларни ишлаб чиқувчи вазифасини ҳам бажарган.

Тестларни ишлаб чиқиш ва валидлигини ўрганиш учун етарлича вақт

Cambridge Assessment Englishнинг тушунтиришича, тест топшириқлари имтиҳонда ишлатилишидан олдин бир неча тажриба-синов босқичларидан ўтади. Одатда, тест топшириғини ишлаб чиқиш бошланишидан бошлаб унинг ишлатилишигача бир неча йил ўтади. Хорижий тиллар бўйича имтиҳонлар кенгашлари Европа ассоциациясининг (ALTE) тестларни ишлаб чиқиш ва имтиҳонларни ўтказиш бўйича қўлланмасида ҳам тестларнинг дастлабки тажриба-синови ва ҳақиқий имтиҳонда ишлатилиши ўртасида етарлича вақт ўтиши кераклиги таъкидланган.

Тестнинг якуний варианти компьютерда махсус алгоритмларга таянган ҳолда шакллантирилади ва ушбу вариантнинг валидлиги ва ишончлилиги бўйича тадқиқотлар ўтказилади. Тест материаллари билан ишлашда тизимнинг турли иштирокчилари учун фойдаланишнинг турли даражалари ўрнатилади, тест топшириғи муаллифи эса ўз материалидан қачон ва қаерда фойдаланилишини билмайди.

Миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисидаги қарор ўтган йилнинг октябрь ойида қабул қилинган эди. Жорий йилнинг март ойида биринчи синовлар апрель ойида бўлиб ўтиши маълум қилинди. Манбаларнинг хабар беришича, тестларни ишлаб чиқиш март ойида бошланган. Бундай тиғиз муддатда матбуот анжуманида ваъда қилинганидек, тестларнинг валидлиги ва ишончлилиги бўйича тадқиқотлар ўтказишга вақт ҳам етмаган бўлса керак.

Тиғиз муддатларда ишланганлиги туфайли экспертлар тест топшириқларини ишлаб чиқишни бошлаганларида уларнинг қачон ва қаерда ишлатилишини ҳам билишган. Тест топшириқларини ишлаб чиқишда қатнашган мутахассисларнинг ҳалоллигига шубҳа билдирмоқчи эмасман, бироқ, тизимнинг исталган иштирокчиси ишлаб чиқилаётган тест материалининг қаерда ва қачон ишлатилишини олдиндан билса, бундай тизимнинг ўзи ишончли бўла олмайди.

Ҳамма тест топширувчилар 50та топшириқдан иборат битта тест вариантини ечишганини шарҳлар экан, Халқ таълими вазири ўринбосари Усмон Шарифхўжаев овозли чат давомида IELTS имтиҳони тажрибасини эслатди. Тўғри, IELTS имтиҳонида бир вақтнинг ўзида тест топшираётганлар тестнинг бир хил вариантини ечишади, бироқ, биринчидан, юқорида айтиб ўтганимдек, ушбу вариант имтиҳонга бир ой қолганда яратилмайди, иккинчидан, IELTSда очиқ турдаги топшириқлари ҳам мавжуд, демак, тест топширувчи тайёр калитларни ёдлаган ҳолда жавоб бера олмайди.

Маълумотларни сақлаш

Юқорида эслатиб ўтилган стандартлар тестлардан фойдаланадиган ташкилотлардан тест материаллари хавфсизлигини таъминлаш учун барча чораларни кўришни талаб қилади. Демак, тестни ишлаб чиқиш ва ундан фойдаланишнинг барча босқичларида тест материаллари билан фақат махсус рухсат берилган шахслар ишлай олади. Одатда, тизимнинг турли иштирокчиларига тестларни тузиш, уларнинг валидлигини ўрганиш ва улардан фойдаланишдаги вазифаларига қараб, турли даражадаги ҳуқуқлар берилади.

Кейинги босқичда қайта ишлаш ва фойдаланиш учун қабул қилинган тест топшириқларини сақлаш учун тест ишлаб чиқувчилар одатда рухсатсиз кириш ва нусха кўчиришдан ҳимояланган махсус дастурий таъминотдан фойдаланадилар. Масалан, халқаро PISA тест материаллари билан ишлаш ҳуқуқига эга бўлган мутахассислар маълумотларни бошқа дастурларга кўчириш имконини бермайдиган махсус дастурда ишлайдилар. Маълумотлар сақланадиган бинолар ҳам одатда, кодли қулфлар сингари киришни чекловчи тизимлар билан ҳимояланади.

Тизимга нафақат тест топшириқлари, балки улар билан боғлиқ барча маълумотлар киритилади: топшириқнинг ягона идентификация рақами, валидлик тадқиқотларининг қайси босқичларидан ўтганлигини кўрсатадиган рўйхат, топшириққа киритилган ўзгаришлар тавсифи ва бошқалар.

Миллий тизим учун тестларни ишлаб чиқишда қатнашган экспертларнинг айтишларича, ДТМда тест топшириқларини яратиш ва сақлаш учун оддий Word муҳарриридан фойдаланилади — бу эса махфий маълумотларни сақлаш учун энг яхши ечим эмас. Экспертлар оддий пароль билан ҳимояланган компьютерларда ишлашади ва бу компьютерлар тармоққа уланган, бу ҳам махфий маълумотлар сақланадиган компьютерни ҳимоя қилишнинг энг ишончли воситаси эмас. Экспертлар ишга келганда, ДТМ ходими паролни киритиб, компьютерларнинг очиб беради. Компьютерда ишлаётган эксперт ушбу компьютерда бошқа экспертлар томонидан яратилган папкалар ва файлларни кўриши мумкин. ДТМ ходими экспертлар ишлайдиган барча компьютерларнинг паролларини билади, демак, у барча компьютерларга кириш ва уларда сақланадиган материалларни кўриш имконига эга. Компьютерларнинг USB портлари ёпишқоқ лента билан муҳрланган, демак, уларни ечиб олиш муаммо туғдирмаса керак, бундан ташқари, тармоқда ишлаш кўникмаларига эга бўлган киши учун компьютердаги маълумотларни маҳаллий тармоқ орқали олиш ҳам қийин иш эмас.

Натижаларнинг статистик таҳлили

Стандартлар шуни талаб қиладики, имтиҳон топширувчилар алдов йўли билан — тест қоидаларини бузган ҳолда, шу жумладан имтиҳондан олдин тест материалларини қўлга киритиш орқали балл олиш имкониятларини йўққа чиқариш учун барча чоралар кўрилиши керак. Имтиҳондан олдин тест материалларининг қўлга киритилиши тест натижаларининг валидлигини жиддий хавф остига қўяди, демакки, бундай тест натижалари ҳеч қандай қарор қабул қилиш учун ишлатилиши мумкин эмас ва бекор қилиниши лозим.

Имтиҳон топширувчилар томонидан ҳам, тест маркази томонидан ҳам тест қоидаларининг бузилишини аниқлашга имкон берадиган муайян чоралар мавжуд. Ушбу чора-тадбирлардан бири алоҳида олинган тест топширувчилар, шунингдек тест кунлари ва жойлари бўйича тест натижаларини статистик таҳлил қилишдир. Бу каби таҳлил ҳар бир тестдан сўнг тестни ишлаб чиққан ташкилот томонидан амалга оширилади.

Масалан, икки ёки ундан ортиқ тест топширувчиларнинг жавоблари бир-бирига мос келган, тест топширувчининг натижалари тестнинг турли бўлимлари бўйича катта фарқ қилган, тест ўтказилган кунлар ёки тест марказлари кесимида балларнинг нормал тақсимотидан катта оғишлар қайд этилган ҳолатлар ҳар доим шубҳа уйғотади ва натижалар махсус комиссия томонидан текширилгунга қадар эълон қилинмайди. Масалан, Educational Testing Service (ETS) балларни тақсимланишидаги ҳар қандай оғишларни автоматик равишда аниқлаб берадиган тизимдан фойдаланади.

Текширув натижасида тест натижалари бекор қилиниши ва тест топширувчига маълум вақт давомида тест топшириш таъқиқланиши мумкин. Агар тест маркази томонидан тест синовларини ўтказиш қоидаларида бузилганлиги аниқланса, ушбу марказда тест синовларидан ўтганларнинг барчаси учун тест натижалари бекор қилинади. Одатда, бундай ҳолатларда тест синови учун тўланган маблағ тест топширувчига қайтарилади ёки унга тест синовини бепул қайта топшириш имконияти берилади.

Албатта, халқаро имтиҳонлар амалиётида ҳам нохуш воқеалар бўлган. Масалан, 2018 йилда Катмандуда полиция IELTS имтиҳони топшириқларини сотаётган гуруҳни қўлга олганидан кейин Британия Кенгаши имтиҳонни бекор қилди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) Қозоғистоннинг 2015 йилги PISA тести натижаларини халқаро рейтингдан чиқариб ташлади, сабаби — тестларда иштирок этадиган мактабларни танлашда қоидаларга риоя қилинмагани ва тест натижаларини текширувчиларнинг холислиги шубҳа уйғотгани эди. Бироқ, тизим шундай тузилганки, ҳар қандай қоидабузарликлар текширилиб, уларга нисбатан чора кўрилади, бундан ташқари, қоида бузилишини занжирнинг бир ҳалқасида яширишга уринишлар муқаррар равишда кейинги ҳалқада аниқланади.

ДТМ директори ўринбосари Сардор Раджабов Хушнудбек Худойбердиевнинг Телеграм-каналидаги овозли чатда тест топшириқлари тарқаб кетганлиги гумон қилинаётган ҳудудлардаги тест натижалари статистик таҳлил қилиниши ва бу таҳлиллар натижалари жамоатчиликка эълон қилинишини ваъда қилди. Бироқ, бундай таҳлилни нафақат алоҳида ҳудудлар, балки тест синовлари ўтадиган барча кунлар ва ҳудудлар кесимида амалга ошириш, баллар тақсимотидаги ҳар қандай оғишларни аниқлаш ва уларнинг сабабларини ўрганиш муҳимдир. Суриштирув ишлари олиб борилаётган пайтда тест натижаларини эълон қилмай туриш ва балки, суриштирув натижаларига кўра натижаларни бекор қилиш ҳам лозим бўлади. Акс ҳолда, миллий тест тизимига ишончни тиклаш қийин бўлади.

Таклифлар

Шундай қилиб, тест синовлари шунчаки"экспертларни йиғиш, уларга тест туздириш ва имтиҳон ўтказиш" эмас. Тест материалларини ишлаб чиқиш, имтиҳон ўтказиш ва унинг натижаларини эълон қилишнинг ҳар бир босқичида жиддий илмий ёндашув ва муайян стандартларга риоя қилиш лозим. Албатта, тестларни «бўлаверади» тамойили асосида ишлаб чиқиш ва ўтказиш ҳам мумкин — ахир, тест натижаларининг валидлиги бўйича далиллар бўлмаса ҳам, ҳукумат қарори тест натижаларининг таълим муассасалари томонидан тан олинишини кафолатлайди. Аммо бундай ёндашув келажакда қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Тест тизимидаги муаммолар келажакда жиддий оқибатларга олиб келмаслиги учун, менинг фикримча, Педагогик ва психологик тестлар бўйича стандартлар асосида тест натижалари валидлигини таъминлайдиган аниқ йўриқномалар ва қоидаларни ишлаб чиқиш зарур. Ушбу қоидалар ва йўриқномалар (шу жумладан ахборот хавфсизлиги қоидалари) тестларни ишлаб чиқиш ва ўтказишнинг барча босқичларини, шунингдек, тест натижаларини қайта ишлаш ва эълон қилишни ҳам қамраб олиши зарур. Тест натижалари қандайдир ҳукумат қарорлари билан эмас, балки валидлик бўйича илмий далиллар эълон қилинганидан кейин тан олиниши лозим.

Ушбу қоидалар ва йўриқномаларга риоя қилинишини таъминлаш учун тест материалларини ишлаб чиқиш, тестларни ўтказиш ва тест қоидаларининг бажарилишини назорат қилиш функцияларини бир-биридан ажратиш жуда муҳимдир. Юқорида кўрганимиздек, бу учта вазифа бир ташкилотнинг зиммасида экан, назорат ва мувозанат тизими бузилади ва ҳар қандай босқичда стандартлар бузилганлигини объектив текшириш имконсиз бўлади. ДТМ қандай ташкилот — назоратчими (регуляторми), тестларни ишлаб чиқувчими ёки тестларни ўтказувчими, шуни аниқ-тиниқ белгилаб олиш ва шунга мувофиқ баҳолаш хизматлари бозорида бошқа иштирокчиларнинг пайдо бўлиши учун шароит яратиш лозим — рақобат уларни ўз обрўсини қадрлашга мажбур қилади.

Шунингдек, «охирги муддат кеча эди» тамойилидан воз кечиш керак. Тест материалларини ишлаб чиқувчи ташкилотлар бундай муҳим масалага жиддий, илмий асосланган ҳолда ёндашишлари учун етарлича вақт бўлиши керак. Умуман олганда, тестлар билан илмий асосланган ҳолда шуғулланиш ёки умуман шуғулланмаслик керак — ахир, мамлакатнинг интеллектуал келажаги билан ўйнашиб бўлмайди.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламасилиги мумкин.