Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қарорга мувофиқ, Тошкент халқаро кинофестивали эндиликда «Ипак йўли дурдонаси» номи билан Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан шу йилдан бошлаб ҳар йили 28 сентябрь — 3 октябрь кунлари ўтказилади.

Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали 1968−1997 йилларда май ойи охири — июнь ойи бошида давлат кинематография қўмитаси ва киноарбоблар уюшмаси томонидан ташкил этилган.

Шу йили бўлиб ўтиши режалаштирилаётган мазкур кинофестиваль «Тинчлик, тараққиёт ва маърифат» шиори бўлиб ўтади ва унга хориждан жами 355 нафар иштирокчи, шу жумладан, 55 нафар таниқли киноюлдузлар таклиф этилади.

Фестиваль доирасида машҳур киномутахассислар ва режиссёрлар иштирокида ёш киноижодкорлар учун маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар, кинотренинглар, давра суҳбатлари, ҳудудларда кинокўргазмалар, энг яхши миллий ва хорижий фильмлар намойишлари ўтказилади.