Президент Андижон вилояти фаоллари билан йиғилишда президент 2022 йил 1 мартдан бошлаб Андижон шаҳри таркибида «Янги Андижон» тумани ташкил этилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Транспорт вазири [Илҳом Маҳкамов] «Янги Андижон» ҳудудига тезкор транспорт қатновини ташкил қилиш мақсадида бир ой муддатда таклиф киритиши кераклиги айтилди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари [Очилбой Раматов] ва қурилиш вазирига [Ботир Зокировлар] эса уч ой муддатда Тошкент шаҳрида ва Андижонда Туркиянинг тажрибали лойиҳа компаниялари филиалларини ташкил этиш, мутахассисларни ўқитиш ишларини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

«Янги Андижонда „Дамас“ бўлмайди. У ерда ер усти ёки ер ости метросини қуриш бўйича ҳисоб-китоблар қилинади. Маъқулини қурамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

17 июнь куни президент Андижон туманида 4 минг гектар майдонда барпо этилаётган янги шаҳар қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этган эди.

Маълум қилинишича, ушбу янги шаҳарда жами 130 мингдан ортиқ квартирали кўп қаватли уйлар, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари, саноат зоналари, яшил ҳудудлар ва инфратузилма объектлари қурилади.

Мазкур шаҳарда қурилиш материаллари, электротехника, мебелсозлик, тўқимачилик, полиэстер ва сунъий тола ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларда кўплаб янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият яратилади.

Қурилиш ишлари 8 та босқичда амалга оширилиб, қурилиш жараёнида 10 мингта янги иш ўрни, шаҳар қурилиши якунланганидан кейин эса, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қарийб 100 мингта янги иш жойи яратилади.

Қайд этилишича, Янги Андижон лойиҳасининг коммуникация тармоқларини қуришни бошлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади.