Президент Шавкат Мирзиёев 18 июнь куни Андижон вилоятидаги фаоллар билан йиғилишда сув таъминоти масалаларига ҳам тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, вилоятда бу йили 162 млрд сўм марказлашган маблағлар ҳисобидан, 460 км ичимлик суви, 23 км канализация тармоғи, 95 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Натижада, 117 та маҳалладаги 200 минг аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади ва 37 минг аҳоли канализацияга уланади.

Қайд этилишича, 480 та маҳалладаги 1 минг 375 км ички йўллар ва 6 та кўприкни қайта қуриш ва таъмирлашни 1 октябргача якунлаши керак.

Вилоятда 2021 йилда 1 минг 147 км электр узатиш тармоқлари, 300 дан зиёд трансформатор пунктларини қуриш ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Натижада 571 та маҳалла ҳамда 2 минг 374 та ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектининг электр таъминоти яхшиланиши кўзда тутилган.

«Бу йил Жаҳон банки иштирокида қиймати 36 млн доллар бўлган „Андижон шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва самарадорлигини ошириш“ лойиҳасини бошлаймиз. Лойиҳа доирасида 3 та янги қозон ва 24 километр иссиқлик узатиш тармоқлари қурилади, 271 та кўп қаватли уй ва 32 та ижтимоий соҳа объектида алоҳида ишлайдиган иситиш ускуналари ўрнатилади», — деди президент.

Икки ой муддатда ушбу лойиҳа бўйича тендер савдоларини ўтказиб, қурилиш ишларини бошланиши белгиланди.

Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев Бобур шоҳ кўчаси ва Марказий темир йўл вокзалини боғлайдиган кўприк қурилиши ҳақида маълум қилди.

«Яна бир йирик лойиҳа — Бобур шоҳ кўчасининг икки қисмини боғлайдиган ва Марказий темир йўл вокзали устидан ўтадиган, 700 метр узунликдаги кўприк қурилади. Натижада, масофа 5 километрга, вақт сарфи эса 25 фоизга қисқариб, Андижон аҳлининг неча йиллик орзу-ниятлари амалга ошади», — таъкидлади давлат раҳбари.