Жума ва шанба кунлари республикада кам булутли об-ҳаво устун бўлади, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг айрим тоғли туманларида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли бор, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Ҳарорат кундуз кунлари +35…+40 даражани ташкил этади, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан +2…+3 даражага юқори. Баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача, шанба куни баъзи жойларда чангли бўрон билан 23−28 м/с гача кучаяди.

Якшанба куни Россиянинг Европа ҳудудларидан салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади, бу ҳаво массалари мамлакатнинг жанубий ҳудудларига қулай ҳарорат олиб келади. Фақат тоғ олди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғади, республиканинг текислик ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳарорат меъёрдан +2…+4 даража паст бўлади ва кечаси +15…+18 даража, кундузи +29…+32 даража, жанубда +34…+37 даража атрофида бўлади.