Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти фаоллари билан йиғилишдан сўнг Андижон шаҳридаги бунёдкорлик ишлари ва янги лойиҳа тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари дастлаб Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказига борди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, бу бино 1965 йилда қурилган бўлиб, охирги йилларда эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолганди. 2021 йилда реконструкция қилиниб, таъмирланди. Китоблар сақланадиган ертўла ва махсус хоналарнинг ости бетонланди. Уч қаватли бино замонавий қиёфа ва шароитга эга бўлди. Кутубхона 872 минг нусхадан ортиқ китоб фондига эга.

«Бу жой Андижон вилоятининг маънавият маркази бўлиши керак. Фарзандларимизни ўқитиш — келажакка инвестиция. Шунинг бу ерга ёшларни кўпроқ жалб этиш, натижадорликни ошириш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ахборот-кутубхона марказида 68 нафар ходим ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Уларни маҳаллий бюджет ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш бўйича топшириқ берилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрининг Бобур кўчасида қуриладиган кўприк лойиҳаси билан танишди.

Фото: Президент ахборот хизмати

Хабарга кўра, мазкур иншоот Самарқанд тажрибаси асосида, монолит услубида қурилиши режалаштирилган. У Марказий темир йўл вокзали устидан ўтади ва шаҳарнинг икки қисмини боғлайди. Кўприк узунлиги қарийб 700 метр бўлиши кутилмоқда.

«Унинг қурилиши натижасида масофа 5 километрга, вақт сарфи эса 25 фоизга қисқариб, Андижон аҳлининг неча йиллик орзу-ниятлари амалга ошади», — дея таъкидланди хабарда.

Бундан ташқари, президент Андижон туманидаги «Андижон гуллар боғи»ни бориб кўрди.

Фото: Президент ахборот хизмати

«Бу ҳам гўзаллик, ҳам даромад, ҳам маърифат. Бундай боғларни ҳар бир туманда ташкил этиб, аёлларга гул етиштиришни ўргатиш керак. Бу орқали «аёллар дафтари»га кирган хотин-қизларни ишли, даромадли қилиш мумкин», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан президентининг Андижон вилоятига ташрифи якунланди.