«Пахтакор» футбол клуби ходимлари олдида йиғилиб қолган қарздорликлар бартараф этилди, дея хабар бермоқда клуб матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ҳокими — «Пахтакор» футбол клуби раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев жамоа аъзолари ва мураббийлари билан клубнинг Қибрайда жойлашган машғулотлар базасида учрашув ўтказган.

Фото: «Пахтакор» матбуот хизмати

Унда клуб ва жамоа олдида турган муаммолар, уларнинг ечимлари, «Пахтакор» келажак фаолияти муҳокама этилган.

Қайд этилишича, клуб олдида турган молиявий мажбуриятлар шу кунларда ижобий ҳал этилди. Ҳомийлар томонидан ажратилган 22 миллиард сўм пул маблағлари ҳисобидан шу кунгача йиғилиб қолган футболчилар, мураббийлар ва клуб ходимларининг маошларидан бўлган қарздорликлар бартараф этилди.

«Бундан буён „Пахтакор“ футбол клуби фаолияти ва молиявий ҳисоботлари шаффофлик, очиқлик тизимида йўлга қўйилиши тўғрисида Жаҳонгир Ортиқхўжаев алоҳида таъкидлади», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Маълумотга кўра, футболчилар ишлаб топадиган маблағлар, мукофот пуллари ва бошқа ҳисоботлар клуб расмий манбаларида эълон қилиб борилади.

«Бу ўзгаришлар нафақат «Пахтакор»нинг, балки бутун ўзбек футболининг ривожланишига туртки бўлиши тўғрисида фикрлар билдирилди. «Пахтакор» бош мураббийи голландиялик Питер Хюистра ҳам клубда бошланаётган туб ўзгаришлар, йўлга қўйилажак шаффоф тизим ҳар қандай жаҳон миқёсидаги футбол клубининг асосий мезони эканини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, «Пахтакор» энди тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли эканлиги, клубга янги ҳомийлар келиши айтилаётганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Кейинроқ, «Пахтакор» дан ташқари яна 8 та Суперлига ва 4 та Про лига жамоаларининг акциялари ҳокимликлар ва давлат компаниялари маъмуриятига уларни кейинчалик сотиш шарти билан топширилгани ҳақида ҳам хабар берилган. Маълумот учун, Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Пахтакор»дан ташқари «Бунёдкор» футбол клубининг эгаси ва бош ҳомийсига айланган.