18 июнь куни Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилояти фаоллари билан йиғилишида вилоятидаги 200 та маҳалларда тадбиркорликни ривожлантириш учун 400 млрд сўм маблағ ажратилиши маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Вилоят ривожига кучли туртки берадиган янги «ўсиш нуқта"ларини шакллантириш ва тўлиқ ишга солиш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича асосий йўналиш ва вазифаларни белгилаб олсак, айни муддао бўлади. «Маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш асосида, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Андижон намунасини яратиб, шу орқали вилоятни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришимиз зарур», — деди президент.

Хабарга кўра, бу борада вилоятга юборилган Ишчи гуруҳ (бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов) томонидан жами 882 та маҳалладаги муаммолар ва имкониятлар ўрганилди.

«Бунда, ҳар бир маҳаллада аҳолининг азалдан шаклланган меҳнат кўникмасидан келиб чиқиб, энг самарали «ўсиш нуқта"лари сифатида — ҳунармандчилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, боғдорчилик, гулчилик, паррандачилик каби йўналишлар белгилаб олинди», — таъкидлади давлат раҳбари.

Қайд этилишича, Шаҳрихон тумани, «Юзлар» маҳалласида 847 та хонадондан 721 тасида 1 сотихдан 30 сотихгача иссиқхоналар мавжуд. Избоскан тумани, «Гудур» маҳалласидаги 601 та хонадондан 265 таси сават ясаш билан шуғулланади.

Ҳар бир туман (шаҳар)га бириктирилган вазирлик ва хўжалик бирлашмалари, банклар ҳамда сектор раҳбарлари «маҳаллабай» ишлаш асосида, аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун шахсан масъул бўлиши таъкидланди.

«Бу ишлардан кўзланган пировард мақсад — аҳоли бандлиги ва даромадини ошириб, вилоятда камбағалликни йўқотишга эришишдир», — деди президент.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда вилоятдаги маҳаллаларнинг аксарияти ўзининг «ўсиш нуқта"ларини аниқлаб олган бўлишига қарамай, 100 та маҳалла ҳалигача ўз ихтисослашув йўлини топмаган.

«Шу боис, 200 та маҳаллани ривожлантиришга вилоят ҳокимлиги ва иқтисодий комплекс масъул бўлади. Бугундан иқтисодий комплекснинг барча раҳбар ходимлари ишдан олиниб, уч ой муддатга вазифасини бажарувчи этиб тайинланади», — деди у.

Иқтисодий комплекс ва тижорат банклари барча ходимлари идорага кирмасдан уч ой ичида мазкур маҳаллалардаги ҳар бир хонадонга кириб, аҳолининг турмуш шароити, истак-хоҳиши ва имкониятларини ўрганиб чиқиши белгиланди.

Шунга кўра уларга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун бизнес-режа (ТЭО) қилиб беради.

«Умуман тадбиркорлик қўлидан келмайдиган оилаларга 100 тадан товуқ берилади. Бундай тадбиркорларга банклар томонидан 3 йил муддатга 10 фоиздан кредит ажратилади ва улардан гаров талаб қилинмайди. Бу кредитлар учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кафиллик беради. Бу мақсадлар учун 200 та маҳаллага 400 млрд сўм (ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўмдан) ресурс ажратамиз», — деди президент.

Бу ишларга Жамшид Қўчқоров (иқтисодий тараққиёт ва саноат вазири), Тимур Ишметов (молия вазири), Мамаризо Нурмуратов (марказий банк раиси), Адхам Икрамов (савдо-саноат палатаси раиси), Иброҳим Абдурахмонов (инновацион ривожлантириш вазири) ва тижорат банклари раҳбарлари шахсан масъул бўлиши қайд этилди.

Бир ой муддатда Сардор Умурзоқовга йирик тадбиркорлар — 100 минг доллардан юқори лойиҳалар, Икрамов эса кичик тадбиркорлик субъектлари — 100 минг долларгача бўлган лойиҳалар томонидан охирги 3 йилда олинган кредитларнинг натижадорлигини ўрганиши бўйича топшириқ берилди.

«Бунда, асосий эътибор яратилган иш ўринлари ва ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш тизимини ташкил этиш ҳамда қўшимча иш жойлари яратишга қаратилиши лозим», — деди президент.