15 июнь куни Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида маҳаллий тадбиркорга тегишли қўйлар подаси туман ҳокимлиги биноси томонга ҳайдалгани ҳақида хабар берилган эди.

18 июнь куни ҳокимлик биносига қўйларни еталаб келган фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, айбланувчи МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш), 104-моддаси 1-қисми (Чорва моллар ёки паррандаларнинг хўжалик экинзорларини пайҳон қилиши, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиши ёки уни йўқ қилиб юбориши, кўчатларга шикаст етказиши), 161-моддаси (Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддасининг 1-қисмида (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилди.

Унга МЖтКнинг 54 моддаси 1-қисми билан яъни базавий ҳисоблашнинг 5 баравари миқдоридаги (1 млн 225 минг сўм) жарима жазоси, МЖтКнинг 104-моддасининг 1-қисми ва 161-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (735 минг сўм) миқдоридаги жарима жазоси, МЖтКнинг 183-моддаси билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, унга нисбатан МЖтКнинг 194-моддасининг 1-қисми билан базавий ҳисоблашнинг 1 баравари (225 минг сўм) миқдоридаги жарима жазоси тайинланди.