Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев Андижон фаолли билан учрашувда вилоятда 1,8 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилишини маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Андижон вилоятида 2021−2022 йилларда умумий қиймати 19,8 трлн сўм, яъни 1,8 млрд доллар бўлган, 584 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 60 мингта янги иш ўрни яратилади. Шундан саноатда — 13,8 трлн сўмлик 298 та, хизмат кўрсатиш соҳасида — 4,4 трлн сўмлик 161 та, қишлоқ хўжалигида — 1,5 трлн сўмлик 125 та лойиҳа ўрин олган.

Бунда айниқса, юқори салоҳиятга эга бўлган тўқимачилик, қурилиш материаллари, электротехника, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика ва маҳаллий саноат — драйвер соҳаларга айланиши керакилиги айтилди.
Жумладан, тўқимачиликда 2021−2022 йилларда 560 миллион долларлик 114 та лойиҳа амалга оширилади.
Ушбу лойиҳалар ҳисобидан ип-калавани қайта ишлаш даражаси 57 дан 85 фоизга етказилади.

Асака туманидаги «Асака текстиль» корхонасида қиймати 50 млн доллар бўлган лойиҳа 1 октябргача якунланиб, йилига қўшимча 5 минг тонна ип-калава, 8 минг тонна мато ва 34 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, 3 минг 200 та янги иш ўрни яратилади.

Жалақудуқ туманида «Зумрад текстиль» корхонасида йилига 5 млн дона, Хўжаобод туманида «Хўжаобод фазо» корхонасида 6 млн дона тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари 1 ноябргача ишга туширилади. 2 мингта янги иш ўрни яратилади.

Қурилиш материаллари саноатида 343 млн долларлик 52 та лойиҳа амалга оширилади.

Хўжаобод туманида «Раш Милк» корхонаси томонидан қиймати 110 миллион доллар бўлган, йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқарадиган завод жорий йил сентябрда ишга туширилади. 800 та янги иш ўрни яратилади.

Шу туманда «ЖиЭсЭр билдинг материалс» корхонаси томонидан 50 млн доллар эвазига, йилига 500 минг тонна цемент, 450 минг куб метр тайёр бетон, 150 минг тонна оҳак ва 100 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмаси ишлаб чиқарадиган кластер жорий йил октябрь ойида фаолиятини бошлайди.