Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида фаоллар билан йиғилишда иқтисодий комплекс фаолиятини танқид қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Мен бугун ана шу ишларингиз билан яқиндан танишиш, сизлар билан вилоятнинг бугунги ва эртанги тараққиёти ҳақида фикрлашиб, биргаликда улкан режалар тузиш учун келдим. Айниқса, вилоят ривожига кучли туртки берадиган янги «ўсиш нуқта"ларини шакллантириш ва тўлиқ ишга солиш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича асосий йўналиш ва вазифаларни белгилаб олсак, айни муддао бўлади», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, Андижон вилоятида иқтисодий комплексда ишловчи 5700 нафар ходимнинг барчаси ишдан бўшатилади.

«Уларга 3 ой синов муддати берилади, агар аравани торта олса, ишга тикланади, ойлигини ҳам берамиз, керак бўлса мукофот ҳам берамиз. Қани, улар ҳам муаммоларни ўзларида ҳис қилиб кўрсин. Менга насиҳат қилувчилар керак эмас, натижа кўрсатувчи ижро органи керак», — дея қўшимча қилади президент.