БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи (UN WGAD) Ўзбекистон ҳукуматини собиқ дипломат Қодир Юсуповни зудлик билан озод қилишга ва унга муносиб товон пули беришга чақирди, дея хабар беради Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (ИҲХҲ).

Қодир Юсупов — Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ ходими. Турли йиллар давомида у Ўзбекистоннинг Австрия, Буюк Британия, Судан, Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида, шунингдек, мамлакатнинг БМТ ва ЕХҲТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналарида ишлаган.

2020 йил 9 январда Ўзбекистон Ҳарбий суди 69 ёшли Қодир Юсуповни давлатга хиёнат қилишда айблаб, 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилди (Жиноят кодексининг 157-моддаси). У 2018 йилнинг декабрида ҳибсга олинган. Ҳарбий суд бу ишни 2019 йил июнь ойида кўришни бошлаган, маҳкум ўз айбини тан олмаган эди. «Газета.uz» мазкур иш юзасидан батафсил маълумот берди (рус тилида).

Буюк британиялик қироллик адвокати, инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис Жефри Робертсон ўтган йилнинг 10 декабрида БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳига шикоят юборди. Шикоятда айтилишича, Ўзбекистон Юсуповни ҳибсга олиш ва кейинги суд жараёнига нисбатан ички ва халқаро мажбуриятларини бузган ҳолда ҳаракат қилган.

«919 кун қамоқда ўтиргандан сўнг, отам Қодир Юсупов адолат билан юзлашди, лекин Ўзбекистонда — уйда эмас, балки Женевада. БМТ ҳар икки томоннинг қонуний далилларини кўриб чиқиб, отам ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3, 8, 9, 10, 11-моддалари ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 2 (3), 9.14-моддалари бузилган ҳолда ҳибсга олинган деган хулосага келди», — деди маҳкумнинг ўғли Бобур Юсупов.

Унинг сўзларига кўра, БМТ ишчи гуруҳи Ўзбекистон ҳукуматидан 5 ой ичида отасини озод қилиш, реабилитация қилиш ва товон пули тўлашни ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ҳисобот беришни талаб қилмоқда.

«Бу Ўзбекистон ҳукуматининг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг янги сайланган аъзоси сифатида ўз мажбуриятларини бажаришга содиқлигини синовдан ўтказади», деб ёзган у.

Бу ҳақда ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан 2021 йил 3−12 май кунлари бўлиб ўтган 90-сессиясида қабул қилинган фикрларда ҳам айтилган («Газета.uz»да нусхаси бор).

«Ишнинг барча ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда, тегишли чоралар жаноб Юсуповни зудлик билан озод қилиш ва унга халқаро ҳуқуққа мувофиқ компенсация ва бошқа товон пули тўлаш ҳуқуқини беришдир. Глобал коронавирус касаллиги (COVID-19) пандемияси ва ҳибсга олиш жойларида таҳдид солаётган ҳозирги шароитда ишчи гуруҳ ҳукуматни жаноб Юсуповнинг зудлик билан озод қилинишини таъминлаш учун шошилинч чоралар кўришга чақиради», — дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ Қодир Юсуповнинг «ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши ҳолати бўйича Ўзбекистон ҳукуматини тўлиқ ва мустақил текширишни таъминлашга чақиради» ва «унинг ҳуқуқлари бузилганлиги учун жавобгар шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини» талаб қилади.

Қодир Юсуповни озод қилиш ҳақидаги қўшма баёнот олтита халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти — Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассотсиацияси (AHRCA), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шериклик (IPHR), Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC), Инсон ҳуқуқлари бўйича Хелсинки жамғармаси, Freedom Now (АҚШ) ва Қийноқларга қарши Бутунжаҳон ташкилоти (ҚҚБТ) томонидан ҳам эълон қилинди (PDF).

Қўшма баёнотда қайд этилишича, 2018 йил декабридан буён Навоий шаҳридаги 4-сонли қамоқхонада бўлиб турган Қодир Юсупов жиддий юрак ва психологик касалликларга чалинган ва унинг саломатлиги ва ҳаётига таҳдид соладиган шароитда сақланмоқда.

Ташкилотлар маълумотларига кўра, 2020 йил 26 апрелда Навоий шаҳридаги 4-колония бошлиғи Қодир Юсупов билан бирга 80 га яқин маҳбуслардан иборат гуруҳни йиғиб, уларнинг шикоятлари бор-йўқлигини сўраган. Собиқ дипломат ғишт заводидаги иш ҳақининг пастлиги (кунига 0,15 доллардан кам) ва Рамазон ойида рўза тута олмасликдан шикоят қилган.

Бунинг учун, хабарга кўра, муассаса маъмурияти Қодир Юсуповни яна икки маҳбус бўлган карцерга жойлаштирган. Очлик эълон қилганидан сўнг, у икки ҳафта давомида «1,5×2 м ўлчамдаги, металл стул, бит босган, йиртилган матрас тўшалган темир ётоқ ва очиқ ҳожатхонали бир кишилик камерага жойлаштирилган.

Қамоқхона маъмурияти маҳкум қамоқ қоидаларини бузгани учун якка тартибдаги камерага жойлаштирилганини маълум қилди.

«Бир кишилик камерадан чиқарилгандан сўнг, Юсупов болаларига унинг руҳий ва жисмоний соғлиғига жиддий зарар етказилганлигини айтган. 2020 йил октябрь ойида Юсуповнинг маҳкумларга изоляторни кундузи тарк этиб, кечаси қайтиб келишига имкон берадиган очиқ қамоқхонага (манзил-колония) ўтказиш тўғрисидаги илтимосномаси илгариги қилмиши сабабли рад этилган», — дейилади хабарда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг таъкидлашича, 2021 йил февраль ойида собиқ дипломат қамоқхона қоидаларини бузгани учун жазоланган ва шу сабабли у ҳозир бўлган 4-колониядаги шароитдан яхшироқ бўлган колония-аҳоли пунктига кўчирилмаган.

Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳ 1991 йилда ташкил этилган. Унга тегишли давлатлар томонидан тан олинган Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси ва боқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган меъёрларга амал қилинмаган вазиятлар, жумладан, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ҳолатларини тергов қилиш топширилган.