ДХХнинг собиқ биносини ТИВ раҳбари ўғлининг компанияси сотиб олди

Ташқи ишлар вазири ўғли Дониёр Камилов асосчиси сифатида кўрсатилган Metropol Group компанияси 210 млрд сўмга «Сайилгоҳ»да жойлашган Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биносини хусусийлаштирмоқда.

Президент Андижонга жўнаб кетди

Шавкат Мирзиёев икки кунлик амалий ташриф билан Андижон вилоятига йўл олди. Ташриф давомида тўқимачилик, агросаноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолияти билан танишиш режалаштирилган.

Сирдарёда террорчилик ташкилотларини тарғиб қилганликда гумонланаётган 20 киши қўлга олинди

Сирдарёда интернет орқали экстремистик ва террорчилик ташкилотлар таъсирига тушиб, радикал ғояларни тарғиб қилишда гумонланаётган 20 киши қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Давлат органлари очиқлигини таъминлаш учун Антикоррупция агентлигига янги вазифалар юклатилди

Президент фармонига кўра, эндиликда Антикоррупция агентлиги очиқликка оид қонунчилик талабларини мунтазам равишда бузаётган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади. Ҳар йил якунида давлат органларининг Очиқлик индекси эълон қилинади. Шунингдек, давлат сирларини сақлаш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Давлат органлари очиқлаши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати

Президент фармони билан давлат органлари ва ташкилотлари очиқлаши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Тўлиқ рўйхат.

ОТМга кириш имтиҳонлари жараёни интернетда жонли эфирга узатилади

Эндиликда ОТМларнинг бакалавриат ва магистратура имтиҳонлари, ўқишни кўчириш билан боғлиқ имтиҳонлар ва нострификация тест синовлари жараёнлари интернетда жонли эфирга узатилади.

Иштихон ҳокимлиги матбуот котиби журналистнинг «флешка"сини емаганлиги айтилди

Иштихон ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари журналист камерасининг хотира картасини еб қўймаганлигини маълум қилди. «MY5» мухбири ҳам бу ҳақда фақат бошқалардан эшитганлиги, ўзи кўрмаганлигини маълум қилди. Матбуот котибига «ҳайфсан» берилди. Журналист эса камера бузилганлиги ҳолати бўйича судга мурожаат қилмаслигини билдирди.

Metro Plaza Тошкентдаги «Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси»ни хусусийлаштиради

Тошкент марказидаги газета ишлаб чиқариш мажмуаси биносини сотиб олиш бўйича тендерда Metro Plaza компанияси ғолиб бўлди. Асосчилар орасида ака-ука Мамасаидовлар ва Миродил Фазилов бор.

«Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Избоскан туманидаги маҳсулотлари 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган тикув-трикотаж корхонаси билан танишди. Фабрикада 830 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. «Қачон Избосканда мана шундай замонавий корхона бўлган? Хотин-қизларимиз учун ҳамма шароитларни яратамиз. Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади», — деди давлат рахбари.

Quadro IH DMCC «Ичан қалъа» меҳмонхонасига эгалик қилади

Бирлашган Араб Амирликларининг Quadro IH DMCC компанияси пойтахтдаги «Ичан қалъа» меҳмонхонасини сотиб олиш бўйича тендерда ғолиб чиқди. ОАВ хабарларига кўра, меҳмонхона илгари Гулнора Каримовага тегишли бўлган.

Жаҳон банки Ўзбекистон солиқ соҳасидаги ислоҳотлар учун $60 млн ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистондаги солиқ маъмуриятчилиги тизимини ислоҳ қилиш учун 60 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратади. Лойиҳа доирасида Давлат солиқ қўмитасининг операцион, институционал ва технологик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда иқтисодиётнинг норасмий секторини қисқартиришга йўналтирилган чора-тадбирлар кўрилади.

Депутатлар муҳим масалалар бўйича қандай овоз бергани очиқланиши тавсия этилмоқда

Президент фармони билан Қонунчилик палатасида депутатнинг ҳар бир қонун (қарор) лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этишдаги, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар очиқланиб бориши тавсия этилмоқда.

«Шерматов вазиятдан фойдаланиб, „пиар“ қилибдиларда бир» — депутат давлат бюджетининг тасдиқланиши ҳақида

Президент видеоселекторда ўқитувчилар ойлик маошларини ошириш зарурлигини таъкидлади. Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов «давлат бюджетини тасдиқловчи баъзи депутатлар» бундан тўғри хулоса чиқаришига умид қилишини ёзди. Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев бу жараён депутатларга боғлиқ эмаслигини, Шерматов вазиятдан фойдаланиб «пиар» қилганлигини таъкидлади.

«Ислоҳотларнинг кучи — маҳаллада» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги инновацион иссихона ва «Рустамжон Замин ривожи» фермер хўжалиги даласига ташриф буюрди. Давлат раҳбари «ғалла ҳосилдорлигини 100 центнерга чиқариш чораларини кўриш кераклигини ва шунда фермернинг ҳам, ишчиларининг ҳам даромади ошишини» таъкидлади. «Янада кўпроқ ишчи жойлар, маҳаллаларда шароитлар қилишимиз керак. Ислоҳотларнинг кучи — маҳаллада», — деди у.

«Юзга киргунча юртбоши бўлинг» — андижонлик онахон президентни дуо қилди

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди. Давлат раҳбари Қурбонали Ўринбоев хонадонида бўлди. Мазкур хонадон эгасининг онаси Санобар ая Ўринбоева президентни дуо қилди.

БМТ давлат тўнтариши иши бўйича қамалган собиқ дипломат Қодир Юсуповни ҳимоя қилиб чиқди

БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи Ўзбекистонни давлат тўнтариши тўрисидаги иш бўйича қамалган собиқ дипломат Қодир Юсуповни зудлик билан озод қилишга чақирди. Олтита инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам худди шу баёнот билан чиқди.

Икки ой ичида 100 млрд сўмлик давлат харидлари танловларида қонун бузилган — Антикоррупция агентлиги

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат харидларига оид эълонлар бўйича ўтказилган мониторишда май-июнь ойларида 101,5 млрд сўм миқдоридаги 324 та танловда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Бюджет буюртмачиларининг 101,5 млрд сўмлик 324 та танловини бекор қилиш ҳақида вазирлик ва идораларга 268 та тақдимнома киритилди.

Uzbekistan Airways Ҳиндистонга қатновларни камайтирди

Uzbekistan Airways авиакомпанияси 18 июндан Тошкентдан Деҳлига амалга ошириладиган рейслар сонини қисқартирди — жума кунли парвозлар бекор қилинди.