Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, маҳаллада 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу йил 915 ўринли умумтаълим мактаби таъмирдан чиқарилди.

Деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга 10 сотихдан ер ажратиляпти. Маҳалладаги 150 та хонадонга 50 бошдан парранда берилиб, ўзини ўзи банд қилиши таъминланган.

Президент ушбу маҳаллада Қурбонали Ўринбоев хонадонида ҳам бўлди. Давлат раҳбари ахборот хизмати раҳбари Шерзод Асадовнинг хабар беришича, ушбу хонадон эгасининг онаси Санобар ая Ўринбоева президентни дуо қилди.

Фото: Президент ахборот хизмати

«Сизни кўрганимдан беҳад хурсандман. Ҳаётимдан мамнунман. Сиз катта шароитлар яратиб бергансиз», — дейди онахон.

«Бошингиз омон бўлсин! Юзга киргунча юртбоши бўлинг. Биз учун, яхши яшашамиз учун қаттиқ курашяпсиз. Сиздан жуда-жуда хурсандмиз. «Худодан ҳар куни эрталаб сўрайман, халқимга тинчлик-осойишталик бер, бирини икки қил, деб. «Биз ҳам ҳар намозимизда эй Аллоҳим, шундай юртбошимиз борлигидан хурсандмиз. Соғ-омон бўлсин, деймиз», — дея дуо қилди Санобар ая Ўринбоева.

Шунингдек, президент ахборот хизмати берган хабарга кўра, давлат раҳбари хонадоннинг яшаш шароитлари, паррандачилигини кўздан кечирди. Маҳалла вакиллари билан суҳбат бўлди.

«Энди ҳар бир хонадоннинг имкониятидан келиб чиқиб, бизнес-режа ёзиб берилади. Давлат ташкилотлари шароит яратади. Ҳозирги замонга муносиб бўлиб, меҳнат қилмасак, ниятимизга етолмаймиз. Худонинг ўзи меҳнатга, ҳаракатга яраша ажрини беради, — деди Шавкат Мирзиёев.