Uzbekistan Airways Миллий авиакомпанияси Ҳиндистонда юзага келган эпидемиологик вазият муносабати билан 18 июндан ҳафтанинг жума кунлари амалга оширилаётган Тошкент-Деҳли-Тошкент йўналиши бўйича авиақатновларни бекор қилади, дея хабар берди авиаташувчи матбуот хизмати.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ қабул қилинди.

Йўловчиларга бекор қилинган қатнов авиачиптаси учун пул маблағларини қайтариб олиш таклиф этилади.

Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways 5 мартдан Ҳиндистонга доимий қатновларни қайта тиклаган, Тошкент-Деҳли-Тошкент рейси ҳафтасига икки марта — сешанба ва жума кунлари амалга оширилаётган эди.

10 майдан бошлаб Ўзбекистон Ҳиндистонга боришда COVID-19 билан боғлиқ вазият ёмонлашуви сабабли чекловлар ўрнатди. Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатга фақат хизмат сафари, ўқиш ва даволанишга, шунингдек дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари боришлари мумкин.

Ҳиндистон коронавирус билан касалланганлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда қолмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Ҳиндистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 29,5 миллиондан ошган, 16 июнда 67 208 янги ҳолат қайд этилган.