БМТ Тараққиёт дастурининг минтақавий раҳбари Миряна Сполярич Эггер икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда «Газета.uz»га БМТ тараққиёт дастурининг мамлакатдаги ваколатхонаси ахборот хизмати хабар берди.

15 июнь куни Сполярич Эггер Ўзбекистондаги ва бутун Марказий Осиёдаги аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш мавзуси бўйича форумда қатнашди. Мазкур тадбирда у гендер масалаларини Ўзбекистоннинг ўта муҳим тадбиркорлик секторидаги асосий мавзуга айлантириш ҳамда аёлларнинг иқтисодиётдаги иштирокига тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий ва меъёрий тўсиқларни бартараф этиш бўйича БМТТДнинг мақсадини тасдиқлади.

«Мен Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемиясига нисбатан қабул қилинган чораларни нафақат тезкорлигини балки барқарор ривожланишнинг ўрта ва узоқ муддатли эҳтиёжлари билан қанчалик боғлиқ бўлганлигини юқори баҳолайман», — деди у.

«Ушбу ўзгаришлар жуда ўринли, чунки Ўзбекистон ўзининг 2022−2026 йиллар учун ривожланиш стратегиясини шакллантирмоқда ва ўсишнинг келгуси йўналишларини белгилаб олмоқда», — дея қўшимча қилади Сполярич Эггер.

16 июнь куни у «Ишга марҳамат» мономарказига ускуналарни топширди. Ушбу ускуналар мономарказнинг теҳник салоҳиятини такомиллаштиришда ва Ўзбекистон ёшлари орасида бандликни оширишга катта ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Ўзбекистонга ташрифи доирасида Сполярич Эггер ривожланишнинг энг муҳим миллий йўналишлари бўйича БМТ Тараққиёт Дастурининг содиқлигини тасдиқлади. Улар БРМ ижроси устидан парламент назоратини такомиллаштириш, аҳолининг заиф қатламларига урғу берган холда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш стратегиясини амалга оширишни рағбатлантириш, Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемиясидан сўнг яшил тикланишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек Миллий гендер тенгликни таъминлаш стратегиясини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.

БМТТДнинг Европа ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича Минтақавий бюроси директори сифатида 2018 йил октябрь ойидан Сполярич Эггер 17 мамлакат ва битта ҳудудда лойиҳаларни бошқариб келмоқда. Ушбу ташриф Сполярич Эггер учун COVID-19 пандемияси тарқалишидан кейинги биринчи хорижий сафар бўлди.