16 июнь куни президент «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига имзо қўйди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унга мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қўшимча вазифалар юклатилди.

Эндиликда агентлик давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашни мувофиқлаштиради ва доимий мониторинг қилиб боради.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни «Mening fikrim» веб-портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқаради.

Очиқ маълумотлар шаклида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириб, такомиллаштириб боради ва янгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашади.

ОАВ орқали давлат органлари ва ташкилотлари хизматчиларига «давлат органлари фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлиги» маданиятини сингдириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш муҳимлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этади.

Бундан ташқари, Агентлик тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилади.

Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.

2021 йил 1 декабрдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари телеканаллар, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилади.

Ҳар йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси аниқланади.

Шунингдек, «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.