Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги инновацион иссиқхонани кўздан кечирди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, мазкур ҳудуд аввал тош-шағал карьери бўлган. Ердан унумли фойдаланиш сиёсати натижасида у экинзорга айлантирилди. «Мега агро» масъулияти чекланган жамияти бу ерда Испания технологияси асосида иссиқхона барпо этган.


Иссиқхоналарда «Айсберг» карами, помидор, бодринг, уларнинг кўчатлари ва ҳар хил кўкатлар етиштирилади. Уларни Ўзбекистон бозорларига етказиб бериш, шунингдек, йилига 1 млн 500 минг долларлик экспорт қилиш режалаштирилган. Корхонада 100 та иш ўрни яратилган, дейилади хабарда.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Избоскан туманидаги «Рустамжон Замин ривожи» фермер хўжалиги даласида ғалла ҳосилини кўрди.

Маълумотга кўра, хўжаликда 55 гектардан зиёд ерга буғдой экилган. Унинг ҳар гектаридан 72 центнердан зиёд ҳосил олиш кутилмоқда. Шундан 177 тонна давлат ресурслари учун сотилади, 225 тонна ўз ихтиёрида қолади.


Таъкидланишига кўра, 13 гектарда ёмғирлатиб суғориш жорий қилинган. Ғалладан бўшаган майдон такрорий экин экиш учун 200 нафар аҳолига ажратиб берилаётгани қайд этилди.

«Ғалла ҳосилдорлигини 100 центнерга чиқариш чораларини кўриш керак. Шунда фермернинг ҳам, ишчиларининг ҳам даромади ошади. Даромади кўпайса, фермер илмга эътибор беради, янгича ишлашга ўтади, қўни-қўшнисига, ёшларга фойдаси тегади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ернинг ўзида вилоят фермерлари, ёшлар вакиллари билан мулоқот бўлди.


«Бугун Андижонга келишимдан мақсад одамлар ислоҳотларнинг фойдасини сезяптими, рўзғорида ўзгариш бўлдими, халқни рози қилиш учун яна нималар қилиш керак, деган саволларга жавоб топиш. Юриб кўряпман, албатта, ўзгариш бор. Лекин бу бизни қониқтирмайди. Янада кўпроқ ишчи жойлар, маҳаллаларда шароитлар қилишимиз керак. Ислоҳотларнинг кучи — маҳаллада», — дея таъкидлади давлат раҳбари.