Ҳукумат қарори билан Бахтиёр Махкамов Тошкент ахборот технологиялари университетининг ректори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, дея хабар бермоқда Huquqiy-axborot Telegram-канали.

Бахтиёр Махкамов (1985 й.т) Тошкент давлат техника университетини «Молия менежменти», шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университетини «Менежмент» (ахборот-коммуникация технологиялари) мутахассислиги бўйича тамомлаган. Иқтисод фанлари доктори, профессор унвонига эга.

Бир неча йиллар давомида у «Уздунробита» компаниясида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги тузилмаларида ишлаган, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиалининг меҳнат иқтисодиёти ва менежменти кафедрасида дарс берган.

2015 йилда у Электромагнит мослашув марказида иш бошлади, 2021 йилда марказ раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлди.

50 дан ортиқ илмий ишлар, шу жумладан 1 та монография, 5 та ўқув қўлланма ва 40 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Илмий мақолалари АҚШ, Жанубий Корея, Россия, Индонезия, Ҳиндистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда нашр этилган.