Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар фестивалида мақом куйлади. «Дарё» мухбирининг хабар беришича, вилоят ҳокими мақом куйлаётган болаларнинг ижросидан илҳомланган ҳолда саҳнага чиққан.

Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаевнинг санъатдан хабардорлиги блогер Хушнудбек Худойбердиев билан суҳбатда ҳам таъкидланган эди. Бироқ ҳоким суҳбат давомида блогернинг қўшиқ ижро этиб бериш борасидаги сўровини рад этган эди.

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида 2021 йилнинг 13−15 июнь кунлари «Биз Амир Темур авлодлари, унга издош бўламиз!» шоири остида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» деб номланган ёшлар фестивали ўтказилган.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Фестивалнинг илк кунида «Ҳазрати Султон» чўққисига Ўзбекистон ва ёшлар фестивали байроқлари ўрнатилган. Маълумотларга кўра, «Ҳазрати Султон» чўққиси 4643 метр (айрим манбаларда 4030).

Фестиваль доирасида турли соҳаларда ютуқларга эришган ёшлар, жамоалар, ҳудудлар, журналист ва блогерлар пул мукофотлари билан тақдирланган.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Фестивалнинг бош соврини бўлган «Қорабайир» оти 20дан ортиқ хорижий ОТМга ўқишга кирган Қарши шаҳридаги 44-мактаб ўқувчиси Шуҳрат Юлдошевга насиб қилди.