Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги 28-мактабнинг 7−11-синфларида таҳсил олувчи айрим ўқувчилар ўз синфхоналарини таъмирлаш ишларига жалб қилингани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ва Жомбой туман Халқ таълими бўлими раҳбар-ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам Жомбой тумани 28-умумтаълим мактабида ёлланма ишчи ходимлар томонидан енгил таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган.


Суратдаги ўқувчилар, яъни 6 нафар 7−9 синф ўғил болалари мактабда олиб борилаётган таъмирлаш ишларига ёрдам бериш учун ота-оналарининг розилиги билан келганлиги маълум бўлган.

Қайд этилишича, ўрганиш давомида ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам фарзандини ўз розилиги билан мактабдаги таъмирлаш ишларига ёрдам бериш ва таътил даврида ҳунар ўрганиш учун юборганини тасдиқлашди.

Барча фотолар: «Daryo» нашрига тегишли.

Суратдаги 5 нафар қиз ўқувчилар эса мактабнинг 11-а ва 11-в синф ўқувчилари бўлиб, улар билан суҳбатлашилганда, қизлар якуний давлат имтиҳонларининг баҳоларини билиш мақсадида келганлиги аниқланган.

«Шунингдек, мазкур мактаб раҳбарияти ҳамда ўқитувчилари, синф раҳбарлари билан суҳбатлашиш жараёнида улар ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш қонунга зид эканлигидан хабардорлигини билдиришди ва ўқувчиларни мактабдаги таъмирлаш ишларига чақирмаганликларини маълум қилишди», — дейилади хабарда.

Айни пайтга қадар олиб борилган ўрганишлар хулосасига кўра, Жомбой тумани 28-умумтаълим мактаби ўқувчилари ўзи ва ота-оналарининг ихтиёрига зид равишда таъмирлаш ишларига жалб қилинмаган.

Бугунги кунда ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.