Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистонда амалга ошириладиган халқаро лойиҳаларнинг муваффақиятли давом эттирилиши учун норматив-ҳужжатлар қабул қилиш кераклигини таъкидлади.

Бу ҳақда Сенат раиси 15 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Афғонистонда хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган халқаро форумда гапирган, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Вазирлар маҳкамасининг қарори билан, эндиликда Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар гендер экспертизасидан ўтмоқда. Бугун агар бирорта қонун аёлларимиз манфаатига зид равишда ишлаб чиқилган бўлса, у қабул қилинмайди», — деди Сенат раиси ўз нутқида.

Танзила Нарбаева халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг муваффақиятли давом этиши учун норматив ҳужжат қабул қилиш амалиётини киритиш кераклигини таъкидлади.

«Халқаро ташкилотлар, халқаро молиявий институтлар кўмагида самарали амалиётга тадбиқ этилган лойиҳаларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши ва ушбу лойиҳаларни кенг ёйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки лойиҳа тугагандан кейин иш тўхтаб қолади, худди бошқа давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам. Шунинг учун, муваффақиятли тажрибани давом эттириш учун қандайдир норматив-ҳужжат қабул қилиш керак. У лойиҳа ютуқларини ва натижаларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам тадбиқ этишга ёрдам беради», — деди у.

Шунингдек, Сенат раиси Афғонистон Республикаси ва Марказий Осиё етакчи аёлларини мулоқотда фаол қатнашишга ва ҳамкорлик қилишга чорлади.

«Бугун давлатларимиз раҳбарлари биргаликда ишлаётганларидек, Марказий Осиё ва Афғонистоннинг етакчи аёллари ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқлаш учун йиғилишлари керак», — дея таъкидлади Нарбаева.