Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Самарқанд шаҳридаги «Минск» хиёбонида ноқонуний қурилиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди, деб хабар қилди идора матбуот хизмати.

Вилоят ҳокимлиги прокуратура органларига Самарқанд шаҳрининг Минск кўчасида «Таунхаус» услубидаги уй-жойлар, болалар боғчаси ва савдо биноларини қуриш учун рухсатномалар ҳолати тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этди.

Ҳужжатларни ўрганиш натижаларига кўра прокуратура Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан қурилиш учун рухсатнома асосида ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича жиноят иши қўзғатди.

Муаммо нимада?

Фото: Тимур Саттаров.

«Я — Самаркандец» гуруҳидаги хабарда ёзилишича, самарқандликлар ҳокимнинг 2020 йил 27 октябрдаги қарори билан 1,77 гектар майдонда «Таунхаус» услубидаги икки қаватли турар-жой бинолари, болалар боғчаси ва савдо биноларини қуришни бошлаган «Мехр нур омад барака» компаниясининг хатти-ҳаракатлари тўғрисида бир неча бор ҳокимият, прокуратура, вилоят бош архитекторига мурожаат қилишган.

Самарқанд шаҳар кенгаши депутати Шохрухбек Алибековнинг маълум қилишича, шаҳарда учта хиёбон бор — «Университет хиёбони», Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти олдидаги хиёбон ва «Минск» хиёбони.

Унинг сўзларига кўра, қурувчи компания ноқонуний равишда қурилиш ишларини олиб бормоқда. Компания қурилиш учун асос сифатида «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК хулосасини кўрсатди, аммо фаоллар ва депутат институтга юборилган сўров орқали ҳужжатнинг ҳақиқий эмаслигини аниқлашга муваффақ бўлишди. Қурувчи компанияга тақдим этилган иккинчи «ТошкентбошпланЛИТИ» ҳужжати ҳам бекор қилинди.

Хусусан, «ТошкентбошпланЛИТИ», 2020 йил ноябрь ойи охирида Самарқанд вилояти бош архитекторининг хатига жавобан, шаҳарнинг бош режасига биноан «хиёбон сақлаб қолингани ва уни қайта тиклаш ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилиши кераклигини маълум қилган».

«Ҳудуд бино қурилишига мўлжалланмаган. Хиёбон бўйидаги йўллар аҳолига қулайлик яратиш мақсадида коммунал тармоқлар ва пиёдалар йўллари қурилишига мослаштирилмоқда. Шунингдек, институтга кўриб чиқилаётган ҳудудда бирон бир объектни жойлаштириш учун ҳужжат келиб тушмагани тўғрисида маълум қиламиз», — дейилади хатда.

Фото: Шохрухбек Алибеков.

Самарқанд вилояти Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Лазиз Хамидов 2 март куни қурилишни дарҳол тўхтатиб қўйишни талаб қилиб, «Мехр нур омад барака» компанияси директори, Самарқанд вилояти ҳокимнинг ўринбосари, Самарқанд ҳокими ва Самарқанд шаҳар прокуратурасига хатлар юборган.

Лазиз Ҳамидов бир ой ўтгач, огоҳлантиришга қарамай, қурилиш ишлари давом этаётгани ва бу фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаётганини таъкидлади. У Самарқанд ҳокими ва шаҳар прокуратурасидан қурилишни тўхтатишда амалий ёрдам кўрсатишни ва тегишли чораларни кўришни илтимос қилди.

Хиёбон ҳудудида қурилиш ишларига қарши маҳалла аҳолиси. Фото: Тимур Саттаров.

Блогер Тимур Саттаров 9 июнь куни «Минск» хиёбонини сақлаб қолиш масаласи олти ой давомида кўтарилаётганини маълум қилди. Мазкур ҳудудда истиқомат қилувчилардан бирининг айтишича, май ойи охирида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов маҳаллага ташриф буюрган ва хиёбон ёнидаги ҳудудда қурилиш ишларини тўхтатишга буйруқ берган. Қисқа танаффусдан сўнг, қурувчи компания яна қайта иш бошлаган.

Натижада прокуратура жиноий иш қўзғатди.

«Минск» хиёбони ҳудуди 2013 йил май ойида, 2020 йил апрелида ва 2020 йил октябрда. Фото: Google Earth.