2021 йилда 9 та нодавлат олий таълим муассасасига 22 та йўналишда талабаларни ўқитиш учун 500 та давлат гранти ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёв чоршанба куни олий таълимдаги ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

«Ўзбекистон 24» телеканали журналисти Азиза Қуронованинг маълум қилишича, давлат раҳбари бош вазирга икки ҳафта муддатда қўшимча давлат гранти асосидаги (имтиёзли) қабул параметрларини тасдиқлаш бўйича кўрсатма берди.

Президент бу йил ОТМларга қабул сони ўтган йилга нисбатан 13 фоизга оширилиб, 181 минг нафарга етказилишини маълум қилди. Беш кун муддатда аҳолидан ҳужжатларни онлайн қабул қилиш бошланади. Бу йил 1,5 миллиондан зиёд ёшлар олийгоҳларга кириш учун ҳужжат топшириши кутилмоқда.

Давлат раҳбари, шунингдек, талабалар ётоқхонаси бўйича муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ётоқхона ўринлари сонини ошириш ҳисобига қўшимча 22 минг, ижара тўловини қоплаш орқали 60 мингдан зиёд талабаларнинг турар-жой масаласи ҳал этиб берилганини маълум қилди. Бунга жорий йилда бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилади.

«Ҳозирда талабаларда қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж мавжуд. Ушбу муаммоли масаланитадбиркорлар билан хусусий шериклик орқали тезда ҳал қилиш мумкин», — деди президент. У бўш майдони бўлган олийгоҳлар ўз ҳудудида, бўш майдони бўлмаганлари 1,5 километргача масофада тадбиркорларга ётоқхоналар ташкил этиш учун ер аукцион орқали ажратилишини таъкидлади.

Олийгоҳ ректори, вилоят ҳокимлари тадбиркорлар билан камида 20 йил муддатга шартнома имзолайди, бинонинг 1−2 қаватини бизнес учун (кўнгилочар хизматдан ташқари) тадбиркорга бериш, юқори қаватларини арзон турар жой (хостел) ташкил этиш шартлари белгиланади. Талабаларнинг турар-жойи харажатларининг 50 фоизини бюджетдан қоплаб берилади.

«Бу тадбиркор учун — кафолатли мижоз, биринчи ва иккинчи қаватидаги бизнеси учун катта бозор, талаба учун — қулай ва арзон шароит, олийгоҳга эса — маблағни тежаш ва уларни таълим сифатини ошириш учун йўналтиришга катта имконият», — деди давлат раҳбари.

Президент вилоят ҳокимларига бир ҳафта муддатда талабаларга қулай ҳудудларда ётоқхоналар қуриш бўйича ер майдонларини белгилаб, аукционга чиқариш бўйича кўрсатма берди.