Францияда кўчада мажбурий ниқоб тақиш режими бекор қилинди

Францияда 17 июндан бошлаб кўчада мажбурий ниқоб тақиш режими бекор қилинди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Жан Кастекс хабар берди. Одамлар кўп бўлган жойлар (дўконлар, стадион трибуналари), ёпиқ майдонлар бундан мустасно. Унинг таъкидлашича, Францияда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланган. Бундан ташқари, Францияда коронавирусга қарши курашиш доирасида жорий этилган комендантлик соати 21 июндан, режалаштирилган санадан 10 кун олдин бекор қилинади. Кастекснинг сўзларига кўра, ижобий кўрсаткичларга асосан мамлакатда муваффақиятли эмлаш кампанияси ва аҳолининг бунга масъулият билан ёндашгани сабабли эришилган. — Газета.uz

Шунингдек:

  • Швецияда чет элга саёҳат қилишда тақдим этилиши мумкин бўлган эмланганлиги тўғрисида рақамли сертификат 1 июлдан бошлаб жорий этилади. Ҳужжатни электрон шаклда ёки босма нусхада махсус давлат веб-саҳифасида буюртма қилиш мумкин. Эмланмаганлар худди шу тарзда сўнгги 48−72 соат ичида тасдиқланган салбий коронавирус текшируви натижаси ёки антитаначалар борлиги тўғрисида сертификат олиш имкониятига эга бўлади.
  • Белгия Европа COVID сертификатларини синов режимида ишга туширди. Ушбу паспортлар Европа Иттифоқи аҳолисига карантин ва ПЗР тест-синовларсиз ҳамжамият ичида саёҳат қилиш имкониятини беради.

Апрель ойида Европа комиссияси 21 июнь кунидан бошлаб «рақамли яшил сертификат» кучга киришини эълон қилган эди. Европа Иттифоқининг еттита мамлакати (Болгария, Чехия, Дания, Германия, Греция, Хорватия, Польша) 1 июндан бошлаб эмлаш сертификати тизимини ишга тушираётгани ҳақида аввалроқ ёзилган эди. Тизим Европа Иттифоқида 1 июлдан бошлаб қўлланилади.


«Туркия ва Озарбайжон Қорабоғни биргаликда тиклашади» — Эрдоған

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Озарбайжон билан биргаликда Қорабоғни тўлиқ тиклашга тайёрлигини эълон қилди. Бу ҳақда у 16 июнь куни Озарбайжон парламентидаги нутқида маълум қилди. «Биз кеча Қорабоғда бўлдик, у ерда 30 йиллик можародан сўнг вайронагарчиликларни кўрдик. Aммо Туркия ва Озарбайжон ҳамма нарсани биргаликда тиклайди, янги Қорабоғ қуради», — деди у. Шунингдек, икки мамлакат раҳбарлари 15 июнь куни Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шуша декларациясини имзоладилар. Туркия ва Озарбайжон икки мамлакат Хавфсизлик Кенгашларининг мунтазам қўшма мажлисларини ўтказишга, қуролли кучлари ҳаракатларини мувофиқлаштиришга ва хавфсизлик ёки суверенитетга таҳдид бўлган тақдирда бир-бирларига ёрдам беришга келишиб олдилар. — ТАСС.

Тоғли Қорабоғ атрофидаги баъзи ҳудудлар Озарбайжон, Aрманистон ва Россия раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёноти шартларига биноан Боку назорати остига ўтган.


Макао Тайвандаги ваколатхонасини вақтинча ёпади

Хитойнинг Макао (Аомэнь) ҳукумати Тайбэйдаги ваколатхонаси фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. «Тайвандаги Макао савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорлик бўйича бюроси 19 июндан бошлаб ўз фаолиятини вақтинча тўхтатади», дейилади хабарда. Ваколатхона нима сабабдан ва қанчага ёпилаётгани ҳақида маълумот берилмаган. — Макао ҳукумати веб-саҳифаси.

Бир ой олдин Гонконг Тайбэйдаги ваколатхонасини ёпган эди. Расмийлар Тайван маъмуриятини икки томонлама муносабатларга зарар етказишда ва махсус маъмурий ҳудуднинг ишларига «аралашишда» айблаган. Уларнингча, Тайвань Гонконгдаги ҳукуматга қарши ҳаракатларнинг радикал иштирокчиларига ёрдам кўрсатган.


Москва ва Москва вилоятида мажбурий эмлаш жорий этилди

Россиянинг Роспотребнадзори ишлайдиган москваликларнинг 60 фоизини эмлашни буюрди. Мажбурий эмлаш савдо, хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳаларида, шунингдек гўзаллик салонлари, фитнесс-клублар, театрлар, кинотеатрлар ходимларига тааллуқли. Ходимларнинг 60 фоизини эмламаган юридик шахслар 1 млн рублгача жаримага тортилади. «Москва шаҳрида эпидемиологик вазият ёмон деб баҳоланмоқда. Аҳолининг жамоат жойларига фаол ташриф буюриши натижасида беморларнинг сони кўпаймоқда», — дейилади ҳужжатда. —  Газета.uz

Москвада эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашгани сабабли 15−19 июнь дам олиш кунлари деб эълон қилинди, 20 июнга қадар ҳайвонот боғлари ва савдо марказларидаги фудкортлар ёпилди, ресторан ва кафелар кечки пайт ишламайди. Талабалар имтиҳонларни онлайн топширишади. Шунга ўхшаш чекловлар, фақат дам олиш кунларисиз, Санкт-Петербургда ҳам жорий қилинди.


НAТО Aфғонистон кучларини ўқитиш учун бир қатор давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда

НAТО бир қатор давлатлар билан Aфғонистон хавфсизлик кучларини улар ҳудудларида ўқитиш имконияти тўғрисида музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда НAТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди. «Биз [Aфғонистон хавфсизлик кучларини] мамлакат ташқарисида ўқитиш устида ишлаяпмиз. Биз баъзи бир аниқ мамлакатларни кўриб чиқмоқдамиз. Лекин мен ҳамма нарса ниҳоят ҳал бўлгунча потенциал мамлакатларни номлашдан қўрқаман», — деди бош котиб. Бундан ташқари, у «Қобул халқаро аэропорти» фаолиятини сақлаб туриш учун «НAТО иттифоқчилари баъзи хизматларни давом эттириш учун маблағ ажратишга тайёр» эканлигини яна бир бор тасдиқлади. — ТАСС.

Аввалроқ Покистон АҚШга терроризмга қарши операцияларни амалга ошириш учун ўз ҳарбий базаларини беришдан бош тортгани ҳақида хабар берган эдик.


Полиция билан тўқнашувда 80 дан ортиқ фаластинликлар жароҳатланди

Қуддус, Ғарбий соҳил ва Ғазо секторида Исроил полицияси билан тўқнашувда камида 87 фаластинлик жароҳатданди. Таъкидланишича, Қуддус ва унинг атрофида 50 киши, Ғарбий Соҳилда (Рамалла ва Наблус аҳоли пунктларида) 33 киши ва Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнис шаҳрида яна тўрт киши жароҳат олган. Хабарда, шунингдек, Исроил хавфсизлик кучлари Фаластин Қизил ярим ой ташкилоти бригадаларининг ишига тўсқинлик қилгани айтилмоқда. — Фаластин Қизил ярим ой ташкилоти.

Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатишга май ойи охирида келишиб олган эди. Исроил ва Фаластин ўртасидаги тўқнашувда 300 дан ортиқ киши жабрланган.


Молдовада Россия таркибига кириш бўйича референдум ўтказиш таклиф қилинди

«Молдова Ватанпарварлари» сиёсий партияси мамлакатнинг Россия Федерацияси таркибига қўшилиши масаласида референдум ўтказиш ташаббуси билан чиқди. «Референдум орқали Молдовадаги сайловчи тарихда биринчи марта мамлакатни янада ривожлантириш йўлини белгилаши мумкин. Молдованинг Россияга қўшилиши бизга бир қатор афзалликларни тақдим этади: Молдованинг ҳудудий яхлитлиги, шу жумладан Днестрнинг чап ва ўнг қирғоқларини бирлаштириш, православ қадриятларини ҳимоя қилиш, молдова тилини, ўзига хос ва кўп миллатли тарихни сақлаб қолиш, энергия манбалари учун Россия тарифларини қўллаш имконияти ва чегара, солиқлар, квоталар ва чекловларсиз улкан бозорга кириш имконияти» — таъкидлади партия раҳбари Михаил Гарбуз. «Шунингдек, Россия Федерациясида мавжуд бўлган барча имтиёзларни» оналик капиталидан тортиб, то ижтимоий нафақаларга қадар олиш мумкин бўлади", дея қўшимча қилди у. — Интерфакс.

Молдова парламентига муддатидан олдин сайловлар 11 июлга белгиланган.


Шунингдек:

  • Украина Вазирлар Маҳкамаси мамлакатда карантин муддатини 31 августгача узайтирди ва янги карантин чекловларини жорий этди. Бутун мамлакат бўйлаб эпидемия хавфининг «яшил» даражаси ўрнатилади, бунда жамоат транспортида ва оммавий тадбирлар пайтида ниқоб режими сақланиб қолади.
  • Россия-Хитой ой станциясини 2035 йилгача қуриш режалаштирилган. Aгентлик томонидан тақдим этилган йўл харитасига кўра қурилиш ишлари 2026 йилда бошланиб, 2035 йилда тугайди. Россия-Хитой илмий ой станцияси саккизта ой ва иккита орбитал модулдан иборат бўлади.