2019 йилдан Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Мавлянов Шавкат Тоҳирович Чилонзор тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақдаги ташкилий масала 16 июнь куни Халқ депутатлари Чилонзор тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилди, дея хабар берди Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати.

Сессияда сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Чилонзор туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, туманда олиб борилаётган ишлар кўламига тўхталиб ўтди ва янги ҳоким номзодини депутатларга тавсия этди, дейилади хабарда.

Шавкат Мавлянов (1978 йилда туғилган) 1999 йилда Ички ишлар вазирлиги академияси, 2012 йилда Ички ишлар вазирлиги академияси олий академик курсини тамомлаган. Шавкат Мавлянов 2018 йил июлида ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган эди.

Аввалроқ Шуҳрат Буроновнинг Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.