Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) биргаликда ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича лойиҳани бошлади. Бу ҳақда Бу ҳақда ЮНИСEФнинг Тошкентдаги ваколатхонаси хабар берди.

Лойиҳа дастлаб оиланинг ажралиши, камбағаллик, зўравонлик ва четлатиб қўйишнинг олдини олиш учун ҳамжамиятларга асосланган ижтимоий хизматларни режалаштириш, амалга ошириш, етказиб бериш ва мониторинг қилиш бўйича энг яхши халқаро тажрибани қўллаган ҳолда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ва Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида синовдан ўтказилади.

Ишларни бошқариш (кейс менежмент)га асосланган яхлит ижтимоий хизматларни кўрсатишни мақсад қилган ушбу лойиҳа доирасида ҳамжамият ижтимоий ходимлари ҳозирги кунда кўплаб вазирлик ва идоралар томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматларини мувофиқлаштирадиган боғловчи восита бўлиши кутилмоқда.

Лойиҳа эҳтиёжларни ҳисобга оладиган ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматларининг одамлар эҳтиёжларига мос равишда ишлаб чиқилишини таъминлайдиган тизим ишини таъминлайди. Синов лойиҳасининг натижалари ижтимоий ҳимоя соҳасини ислоҳ қилиш дастурининг асоси бўлиб, хусусан, ҳимояни комплекс таъминлаш учун институционал базани ишлаб чиқиш учун қўлланилади.

«Кучли ижтимоий ҳимоя тизими, камситишга қарши, инсон ҳуқуқларига асосланган ва инклюзив ёндашув асосида ишлайдиган юқори малакали ижтимоий ходимлар билан биргаликда, Ўзбекистондаги энг заиф одамлар, гуруҳлар ва оилалар ҳаётида ижобий ўзгаришларга олиб келади,» — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Жоффри Иджумба.

Кейс менежмент оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун эҳтиёжларнинг яхлит кўринишини ва бошқа хизматлар билан боғланишни таъминлайди. Кўпинча, болалар ва оилалар дуч келадиган турли хил муаммоларни ҳал қилиш учун давлат ижтимоий ёрдам, ногиронлиги бўлган инсонларга ёрдам, кийим-кечак, озиқ-овқат, ўқув анжомлари билан қўллаб-қувватлаш, жамоат ишларини ўтказиш каби хизматларни тақдим этади. Бироқ Ўзбекистонда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими турли идоралар орасида тарқалган бўлиб, кўпинча ижтимоий хизмат кўрсатувчилар оиланинг эҳтиёжлари тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши ва қийинчиликларни енгиш учун нима зарурлигини билишининг имконияти бўлмайди.

Синов тариқасидаги лойиҳа туман ва ҳамжамият даражаларидаги хизмат кўрсатувчиларга кундалик ишларида ижтимоий иш кўникмалари ва касбий одоб-ахлоқ қоидаларини қўллаш имкониятини беради. Шунингдек, у барча учун ижтимоий ҳимоя дастурларини янада яхшироқ режалаштириш ва амалга ошириш учун ахборот бошқаруви интеграллашган тизимини ва йўналтирувчи механизмларни яратади.

«Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири аҳоли муаммолари ечимига масъул вазирлик ва идораларни жалб қилиш, ҳар бир муаммони ўз эгасига йўналтиришдир. Ишни бу тарзда олиб бориш маҳаллаларда фуқаролар муаммолари тезкорлик билан манзилли бартараф этилишига, аҳолини ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини оширишга олиб келади. Биз халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёр эканлигимизни билдирамиз,» — деди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Махмудова.

Синов лойиҳа доирасидаги фаолият инклюзив, эҳтиёжларга асосланган ва индивидуал хизматлардан фойдаланишлари учун аҳолининг энг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламлари, ногиронлиги бўлган инсонлар, болали оилалар ва аёллар сингари энг заиф қатламларини қамраб олади. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни такомиллаштириш бўйича БМТнинг Қўшма дастури доирасида амалга оширилмоқда.