15 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий бирликлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Бу ҳақда «Газета.uz»га палата матбуот хизмати маълум қилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг қўшимча қилишича, бу анклав ҳудудларни тугатиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимликлари органлари томонидан ҳудуд бошқарувини янада соддалаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Депутатлар ҳудудларга ўзгартиш киритиш вилоят шаҳарлари ва туманлари чегарасидаги муаммоли масалаларни ечиш, аҳоли турмуш даражаси сифатини ошириш, ижтимоий инфратузилмалар ҳамда йўл хўжалигини тубдан яхшилаш имконини беради, деган фикрда.

Қарор билан вилоятнинг 17359,1 гектар майдонлари бир худуддан бошқа худуд таркибига ўтказилмоқда, 40 мингдан ортиқ ердан фойдаланувчилар, 101 қишлоқ хўжалиги корхоналари, 38400 турар жойлар ва 1600 нотурар жойларнинг тасарруф этилиш худудлари ўзгармоқда, дейилади хабарда.

Худудларни ўзгартириш сабаблари:

  • Чирчиқ шаҳрига Қибрай ҳамда Бўстонлиқ туманларидан қўшиб берилаётган ер майдонларида жойлашган кўп қаватли, якка тартибдаги уй-жойлар, дала ҳовлилар ҳамда нотурар ва ижтимоий соҳа объектлари Чирчиқ шаҳар коммунал ҳамда ижтимоий хизматларидан фойдаланиб келмоқда. Шу сабабли, ушбу шаҳар таркибига ўтказилмоқда;
  • Яна бир мисол, Бекобод туманида жойлашган Истиқбол маҳалласида яшовчи аҳоли фарзандлари Бекобод шаҳар Янги ҳаёт маҳалласида жойлашган мактабда таълим олмоқда. Даволаниш учун шаҳарда жойлашган марказий шифохонадан фойдаланишади, шунингдек, барча коммунал йўналишдаги хизматларни шаҳар ташкилотлари кўрсатади. Шу туфайли ҳам туманнинг мазкур ҳудуди шаҳарга қўшиб берилиши таклиф этилди;
  • Ангрен шаҳрининг «Нуробод» қўрғони ҳудудини эса Оҳангарон туманига ўтказиш ва шу ернинг ўзида ҳудуд марказини ташкил этиш белгиланяпти.

Қарор билан ҳудудлар таркибига киритилаётган ўзгартиришлар қуйидагича:

  • Бўка туманидан 8,2 гектар (шундан 6,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Оққўрғон тумани таркибига;
  • Ангрен шаҳридан 143,6 гектар, Ўрта Чирчиқ туманидан 3278,9 гектар (шундан 3036,5 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) Оҳангарон тумани таркибига;
  • Оҳангарон туманидан 2931,8 гектар (шундан 1819,7 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Ангрен шаҳри таркибига;
  • Ангрен шаҳридан 1094,0 гектар (шундан 260,0 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари), Бўстонлиқ туманидан 312,2 гектар (шундан 292,7 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Паркент тумани таркибига;
  • Паркент туманидан 493,3 гектар (шундан 433,4 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Бўстонлиқ тумани таркибига;
  • Бекобод туманидан 588,6 гектар (шундан 464,9 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Бекобод шаҳри таркибига;
  • Бўстонлиқ туманидан 256,7 гектар ер майдони Чирчиқ шаҳри таркибига;
  • Зангиота туманидан 8,9 гектар (шундан 5,7 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Янгийўл тумани таркибига;
  • Янгийўл туманидан 286,9 гектар (шундан 16,75 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Зангиота тумани таркибига ва 388,0 гектар (шундан 44,0 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Янгийўл шаҳри таркибига;
  • Юқори Чирчиқ туманидан 60,1 гектар ер майдони Қибрай тумани таркибига;
  • Қибрай туманидан 1884,9 гектар (шундан 864,9 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Юқори Чирчиқ тумани таркибига, 62,0 гектар ер майдони Бўстонлиқ тумани таркибига, 1584,0 гектар ер майдони (шундан 106,5 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) Чирчиқ шаҳри таркибига;
  • Пискент туманидан 286,75 гектар (шундан 223,4 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Бўка тумани таркибига, 3564,6 гектар (шундан
    2407,3 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Олмалиқ шаҳри таркибига;
  • Олмалиқ шаҳридан 102,5 гектар (шундан 91,8 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Пискент тумани таркибига;
  • Оҳангарон туманидан 23,1 гектар (шундан 11,0 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Олмалиқ шаҳри таркибига ўтказилмоқда.

Мажлисда депутатлар мазкур масалани маъқуллаб, Қонунчилик палатасининг қарорини қабул қилишди. Шунга кўра, қарор Сенатга юборилди.