15 июнь куни ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги биносига бир сурув қўйлар ҳайдалган видеолавҳаси тарқалди.

Маълумотларга кўра, туман ҳокимлиги томонидан озуқа етиштириш учун ер ажратилмагани сабабли чўпонлар шундай қарорга келишган.

Zamon мухбирининг Янгиқўрғон туман хокимлиги матбуот хизматига асосланиб хабар беришича, Янгиқўрғон туманидаги «Жўрабой Охунов Шарқ Юлдузи» агрофирмаси ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган «Мубошер Азизбек Лазизбек Файз» МЧЖ раҳбари У.Муҳиддинов 2020 йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Бош Вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига чорва ҳайвонларини боқиш учун 30,0 гектар ер майдони сўраб мурожаат қилган.

Ушбу мурожаат туман ҳокимлигининг тегишли мутахассислари ҳамда «Мубошер Азизбек Лазизбек Файз» МЧЖ раҳбарининг шахсан иштирокида ўрганилган. Ўрганиш жараёнида туман ҳокимлиги томонидан «Мубошер Азизбек Лазизбек Файз» МЧЖ раҳбарига туман ҳокимлиги заҳирасида бўлган тадбиркор ўзи фаолият юритаётган «Жўра Охунов-Шарқ Юлдузи» агрофимаси ҳудудида жойлашган бир неча адирлик, яйлов ерлар таклиф этилган. Бироқ, улар У.Муҳиддиновнинг майдонга яқин жойда чиқиндихона мавжудлиги, бошқа майдон эса қўйхонасидан узоқдалиги каби важ билан рад этилган, дейди туман ҳокимлиги.


Ҳокимликнинг хабар беришича, тадбиркор талаб қилган майдон эса «Болгар шароб» қўшма корхонаси қошидаги «Янгиқўрғон марваридлари» УК эгалигидаги ерлар ҳисобланади. Унитар корхона ҳам ҳуқуқий субъект эгаси ҳисобланиши боис, ушбу ер майдонини «Мубошер Азизбек Лазизбек Файз» МЧЖ тасарруфига олиб беришнинг амалда имкони йўқлиги юзасидан мурожаатчига тушунтирилган.

«Шундай бўлишига қарамай, мурожаатчи фақат шу майдонни талаб қилаётганига эътибор бериш жоиз», — дейилади хабарда.

Туман ҳокимлиги Ўзбекистон президентининг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонниэслатиб ўтди. Маълум қилинишича, фармоннинг 8-бандига асосан, ушбу фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон «Ер кодекси»га тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилганлиган.

Апрель ойида Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги маҳалла аҳолиси деярли 1500 бош қўй туман ҳокимлиги биносига ҳайдаб келинган. Бунга уларнинг қўй боқиш учун ажратилган ер майдонида фермер хўжалиги раҳбари томонидан 4 мингдан зиёд чорва моллари боқилгаётганидан норози бўлиши сабаб бўлган эди.