Шавкат Мирзиёев 14 июнь куни соғлиқни сақлаш ва коммунал хизмат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Таъкидланишича, давлат раҳбари Тошкент вилояти ва пойтахтнинг туманларида бўлганида, шунингдек, 28 май куни ўтган видеоселектор йиғилишида коммунал тармоқларни янгилаш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича кўплаб вазифалар қўйган эди. Шу борада мутасадди вазирлик ва ҳокимликлар томонидан бошқарув сервис компаниялари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Жумладан, Тошкент вилоятида 4 минг 938 та кўп қаватли уй бор. Уларга 36 та сервис компанияси ва 369 та ширкат хизмат кўрсатади. Ширкатларнинг ярмидан кўпи оғир аҳволда. Хизматлар ўз вақтида ва сифатли бўлмагани, замонавий ёндашувлар жорий этилмагани оқибатида истеъмолчилар норози эканлиги қайд этилди.

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан алоқаларида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга кенг имконият берилмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятида Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси билан яқин шериклик йўлга қўйилган. Тақдимотда ушбу ҳамкорлик асосида амалга ошириладиган иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Шавкат Мирзиёев бундан бир ой олдин Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига бориб, бу йўналишдаги шифохоналарда шароитларни яхшилаш бўйича топшириқлар берган эди. 27 май куни президентнинг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун янги бинолар қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Бунинг учун Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудидан 5 гектардан зиёд ер ажратилган. Бинони лойиҳалаштиришда хорижий тиббиёт муассасаларининг илғор тажрибаси инобатга олинган.

Маълумотга кўра, янги марказда позитрон-эмиссион томография, радиоизотоп текширишлар, занжир реакцияли анализаторлар, магнит-резонанс томография, ангиография учун замонавий ускуналар ўрнатилади. Иммунотерапия, таргет терапия, чизиқли тезлаткич ёрдамида ва стереотоксик нур терапия, радиохирургия каби янги даволаш услублари жорий этилади.

«Президент кўрсатмасига мувофиқ, барча ҳудудлардаги онкология шифохоналаридаги шароит, даволаш сифати ўрганилган. Бундай касалликлар бўйича энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти филиалларига тўғри келган. Яъни, уларда барча беморларнинг қарийб 37 фоизи даволанган. Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти шифохоналарини ягона муассаса сифатида бирлаштириш таклифи билдирилди. Бунинг натижасида салоҳиятли мутахассислар ва юқори технологик ускуналар бир жойда жамланиб, даволаш сифати ошади, беморлар сарсон бўлишининг олди олинади», дея қайд этди президент матбуот хизмати.

Малакали шифокорлар тайёрлашга қаратилган режалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, Н.И.Пирогов номидаги Россия тиббиёт университети билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Ҳамкорлик доирасида келгуси икки йилда Ўзбекистон талабаларини Россияга ўқишга юбориш, 2023−2024 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида Пирогов номидаги университет филиалини очиш режалаштирилган.

Президент лойиҳаларни маъқуллаб, уларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, тақдимотда тижорат банклари томонидан шакллантирилган лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди, дейилади хабарда.