15 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбат давомида кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатларини янада кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Учрашувда муқобил энергетикани ривожлантириш ва энергетика объектларини модернизация қилиш, замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш, тадбиркорликка оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция компанияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар ҳамда қатор муҳим ижтимоий дастурлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.


Давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш ва малакали мутахассислар тайёрлаш, бугун Тошкент шаҳрида очилган Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори офисининг фаолиятини ташкил этиш борасида биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Шу билан бирга, БАА томони Ўзбекистон президентининг Оролбўйи минтақасида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш ташаббусини амалга ошириш доирасида янги лойиҳавий таклифини тақдим этди. Бироқ, хабарда лойиҳанинг тафсилотлари ҳақида қўшимча маълумот берилмаган.

Учрашув якунида Амирликларнинг давлат бошқаруви, узоқ муддатли янгиланишлар дастурини шакллантириш ва инновацион тараққиёт йўлига ўтиш борасидаги илғор тажрибасини кенг жорий қилишга қаратилган қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилган.