Ўзбекистон Олий суди 11 июнь куни Universal Packing Master ва Jemchug House қурилиш компанияларининг пойтахтнинг Бобур кўчасида жойлашган 7-уйни Моддий маданий мерос объекти рўйхатига киритиш борасидаги олдинги инстанция қарори устидан киритган кассацион шикоятини қондиришни рад этди, деб Makon Media хабар бермоқда.

Февраль ойи бошида Тошкент туманлараро маъмурий суди Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Абдуқаҳҳор Тухтаевнинг 2007 йил 2 августидаги 697-сонли қарорининг Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Бобур кўчаси 7-уйни маданий мерос объектлари давлат рўйхатидан чиқаришга оид қисмини ҳақиқий эмас деб топган.

15 март куни Тошкент шаҳар маъмурий суди Universal Packing Master ва шаҳар ҳокимлигининг апелляцион шикоятини кўриб чиқишни рад этган эди.

Олий суднинг З.Қурбонова, И.Алимов ва Ш.Шерқуловдан иборат таркибдаги суд коллегияси биринчи ва апелляция инстанциялари судларининг қарорларини ўзгаришсиз қолдириб, шаҳар аҳолиси фойдасига қарор қабул қилди.

Суд Яккасарой тумани Бобур кўчасида жойлашган икки қаватли 7-уй Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 мартдаги қарори асосида Моддий маданий мероси кўчмас мулклари миллий рўйхатига киритилганини эслатиб ўтган.

2020 йил июнида Jemchug House таъсисчиси ва директори Тимур Тўрақулов уй маданий мерос сифатида қабул қилинадиган бўлса, Маданият вазирлигидан 10 млрд сўм миқдорида компенсация талаб қилиши юзасидан Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилганди.