Касаба уюшмалари федерацияси томонидан 50 та замонавий, барча қулайликларга эга кўчма гўзаллик салонлари республиканинг энг чекка ҳудудларига етказилди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон 24» телеканали.

Таъкидланишича, Аёллар дафтаридаги минглаб хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш доирасида дастлаб йўл харитаси ишлаб чиқилиб, ишга муҳтож хотин-қизлар мономарказлар орқали касбга ўқитилди. Тошкентдаги «Ишга марҳамат» мономарказида барча вилоятларнинг энг чекка ҳудудларида яшовчи аёллар сартарошлик касбини бепул ўрганишди, дейилади хабарда.


Контейнерларнинг ҳар бирида 7 нафардан аёл ишлайди ва бу орқали дафтардаги аёлларнинг 350 нафари иш билан таъминланиши қайд этилди.

«Замонавий, барча шарт-шароитларга эга гўзаллик салонлари Тошкент вилоятининг тўртта тумани: Паркент туманининг Бўстон маҳалласига, Оққўрғон туманининг Ҳосилдор маҳалласига, Бекабод ва Бўка туманларининг чекка-чекка ҳудудларига «Аёллар дафтари»га кирган аёллар учун етказиб берилди», — дейди Касаба уюшмалари федерацияси Тошкент вилояти кенгаши раисининг ўринбосари Ўткир Рашидов.