Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги шаҳарлар «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ўзларининг муниципал хизматлари ва инфратузилмаларини яхшилаш имкониятига эга бўлишади. Жаҳон банки лойиҳанинг ушбу компонентини амалга ошириш учун 100 млн АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ ажратишни тасдиқлади, деб «Газета.uz»га хабар бермоқда ЖБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.

Маблағлар Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси ҳисобланмиш Халқаро тараққиёт ассоциацияси томонидан Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этилади.

Лойиҳа Жаҳон банкининг молиявий кўмаги билан «2019 йилдан буён Бухоро (Когон), Наманган (Чортоқ), Тошкент (Янгийўл ва Пскент) вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳанинг» географик кўламини кенгайтиради. Энди у Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг алоҳида ўрта шаҳарларини ҳам қамраб олади.

Мамлакатнинг ушбу қисмидан лойиҳада иштирок этадиган шаҳарларнинг якуний рўйхати вилоят ва шаҳар ижро ҳокимиятлари билан маслаҳатлашувлар тугаганидан сўнг кейинги 6 ой ичида тасдиқланиши режалаштирилган. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари ва имкониятлари ҳисобга олинади.

Лойиҳада иштирок этадиган ушбу икки вилоятларнинг ўрта шаҳарлари махсус инвестицион ривожланиш дастурларини амалга ошириш учун маблағ билан таъминланади. Уларнинг таркибига сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш ва кенгайтириш, электр инфратузилмаси ва кўчаларни ёритиш, автомобиль йўллари, пиёдалар ва жамоат транспорти зоналарини модернизация қилиш, жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш, жамоат жойларини, боғларни, кўчаларни ва уларнинг тегишли инфратузилмасини реконструкция қилиш, тегишли аҳоли пунктлари ҳудудида маданий мерос объектларини сақлаб қолиш бўйича реставрация ишларини олиб бориш кабилар ўрин олиши мумкин.

«Лойиҳада қамраб олинган шаҳарларнинг аксарияти ҳозиргача амалга оширилмаган иқтисодий салоҳиятга эга. Уларнинг аксарияти стратегик транспорт йўлаклари бўйлаб жойлашган. Баъзиларида сайёҳлар учун эътиборга сазовор масканлар мавжуд. Ушбу аҳоли пунктларининг кўпи ўз ҳудудига туташ қишлоқларда хизмат кўрсатиш соҳасида сифатли иш ўринларини яратиш имкониятига эга», — дейилади ЖБ хабарида.

Лойиҳа доирасида инвестицион дастурлар юқори экологик стандартларга мувофиқ амалга оширилади ва шунингдек, жамоат жойларининг ҳаммага, жисмоний имкониятларидан қатъи назар ҳар бир кишига очиқ бўлишини таъминлайдиган тўсиқсиз муҳит яратишга қаратилган.

Тахминан тўрт млн одам ёки ҳар иккала вилоятдаги умумий аҳолининг тахминан 70 фоизи учун такомиллаштирилган шаҳар инфратузилмаси ва муниципал хизматлар, шунингдек янги иш ўринлари яратадиган лойиҳа тадбирлари натижасида ишга жойлашиш имкониятларининг кенгайиши тўғридан-тўғри ёки билвосита фойда келтириши кутилмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳа вилоят ва шаҳар ҳокимликларига шаҳар инфратузилмаси ва хўжалигига хизмат кўрсатиш учун зарур техника ва ускуналарни сотиб олиш имкониятини беради. Ҳокимиятлар ходимларининг шаҳарларни бошқариш, жумладан ушбу жараёнга замонавий экологик стандартларни жорий этиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш, аҳоли яшаш пунктларида хавфсиз ҳаракатланиш ва транспортнинг самарали мобиллиги учун шароитларни режалаштириш, шунингдек ушбу аҳоли пунктларининг барқарор ва экологик жиҳатдан тоза ривожланишига ҳисса қўшадиган бошқа соҳаларда малакасини ошириш учун кўмак кўрсатилади.