Самарқанд вилояти, Ургут туманидаги газ қуйиш шахобчаларининг бирида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ва ФВВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 14 июнь куни соат 17:40 лар атрофида Ургут тумани «Кенагас» МФЙ ҳудудида жойлашган маиший газ баллонларини пропан гази билан тўлдириш шахобчасида содир бўлган.

Маълум қилинишича, «ЗИЛ-130» русумли юк автомобилидан суюлтирилган газни тўкиш вақтида пропан сиғимининг ёрилиши содир бўлган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи ва газ шахобчасининг бир нафар ишчиси воқеа жойида вафот этган.

Ҳозирда ҳодиса сабаби ҳамда келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, Прокуратура ва бошқа тегишли идораларнинг куч-воситалари жалб қилиниб, вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари бажарилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.