11 июнь куни аноним блогер томонидан юритиладиган «TentakMinds» канали Бухоро вилоятида умумтаълим фанлари бўйича миллий тест тизими топшириқлари (саволлари) тарқалиб кетгани ва Давлат тест маркази (ДТМ) томонидан текширув олиб борилаётгани ҳақида хабар тарқатди. Шундан сўнг ушбу каналда биология ва кимё фанларидан тарқалиб кетгани даъво қилинаётган тест топшириқлари эълон қилинди. Журналист Хуршид Далиев ўз каналида Бухорода тест топшириқлари имтиҳондан бир кун олдин ёдлатилиши ҳақида ёзди.

ДТМнинг расмий баёнотида мазкур тест топшириқларининг ҳақиқатда ҳам миллий тест тизимига оид эканлигини тан олди. Шу билан бирга, ДТМ баёнотига кўра, тест топшириқлари Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган ва Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари томонидан тест синови ўтказиладиган биноларга махсус транспорт воситалари орқали махфийлик таъминланган ҳолда тест синови бошланишидан бир соат олдин етказилган. Тарқалиб кетганлиги ва абитуриентларга сотилганлиги айтилаётган тест топшириқлари, Давлат тест маркази баёнотида айтилишича, тест синови ўтказиб бўлинганидан кейин тест синовига кирган шахслар томонидан ёдлаб чиқилган саволлар асосида жуда кўплаб хатолар билан компьютерда терилган, расмли тест топшириқларида расмлар келтирилмаган.

Шу билан бирга, «TentakMinds» каналида эълон қилинган тест вариантлари топшириқлар сони, тузилиши, бўлимлар кетма-кетлиги ва ҳар бир бўлим ичидаги топшириқлар сони жиҳатидан ДТМ расмий сайтида эълон қилинган кимё ва биология фанлари бўйича намунавий тест вариантлари билан бир хил эканлигини кўриш мумкин.

«Газета.uz» мухбири билан гаплашган мутахассислар тестга кириб чиққан абитуриентлар барча топшириқларини эслаб қолиши, тест топшириқларининг вариант ичида кетма-кетлиги, бўлимлар бўйича тақсимланишини бу даражада аниқлик билан тиклаб бериши имконсизлигини таъкидлашди.

«Газета.uz» мухбири билан гаплашган Наманганлик мутахассис 10 июнь куни кимё фанидан ўтказилган тест топшириқлари олдиндан тарқалганлигини, лекин у қадар кенг доирада тарқалишга улгурмаганлини айтди. Унинг сўзларига кўра, 11 июнь куни биология фанидан ўтказилган тестда ишлатилган топшириқлар тестдан бир кеча олдин жуда кўп абитуриентларга ёдлатилган ва бу абитуриентлар 50та топшириқни ўз ичига олган тестни 10 дақиқаларда ечиб чиқиб кетишган.

Исмини ошкор қилишни истамаган Наманганлик абитуриентнинг сўзларига кўра, кимё ва биология фанларидан абитуриент тайёрлаш билан шуғулланадиган тайёрлов курсида ўқиган 300га яқин абитуриент бугунга қадар шу фанлардан сертификат олишга муваффақ бўлган ва бу абитуриентларга имтиҳонда тушадиган тест топшириқлари олдиндан ёдлатилган. «TentakMinds» канали Давлат тест маркази директори Мажид Каримов Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида айнан шу тайёрлов курси раҳбари ва ўқувчилари билан учрашгани ҳақида ёзди.

Бундан олдин «To‘raqo‘rg‘onliklar» Telegram-каналида Рустам Алиев номи остидаги фойдаланувчи «Тўрақўрғон туманида кимё-биология йўналишида фаолият олиб бораётган айрим шахслар Наманган вилоятида ДТМ саволларини ноқунуний тарқатиш билан шуғулланётганлиги» ва «ўқувчиларига Миллий сертификат баҳосини ноқунуний олиб беришга кўмаклашаётганлиги» ҳақида ёзган эди. Айни пайтда ушбу канал ўчириб қўйилган.

Миллий сертификат учун тест топшириқлари тузишга жалб қилинган экспертлардан бирининг хабар беришича, у май ойида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясини Наманган вилоятида биология ҳамда она тили ва адабиёт фанларидан миллий сертификат тест топшириқлари сотилаётгани ҳақида огоҳлантирган. Эксперт, «Тўрақўрғондаги тайёрлов курсида тайёрланганлар тестларда қандай натижа кўрсатган? Наманган вилоятининг бошқа туманларида натижа қандай, Тўрақўрғон билан статистикаси бир хилми? Бошқа вилоятларнинг натижалари қандай?» сингари саволларни ўртага ташлади ва ДТМ баёнотида бундай маълумотлар эълон қилиниши кераклигини таъкидлади.

«Газета.uz» мухбири билан гаплашган Наманганлик мутахассис ҳам кимё ва биология фанлари билан бир қаторда, она тили ва адабиёт фанидан ҳам тест топшириқлари сотилганлигини, тест топшириқлари «ДТМга алоқадор шахс» ёрдамида олиб чиқилганлигини айтди.

ДТМдаги манбаларнинг хабар беришича, «TentakMinds» канали миллий сертификат тест топшириқлари тарқалишига алоқадор деб атаган экспертларнинг айримлари бундан олдин ёзги кириш тест синовларида кимё фани билан боғлиқ муаммолар кузатилганлиги сабабли четлаштирилган, бироқ Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан миллий тест тизими топшириқларини тузишга тавсия этилган.

Умумтаълим фанлари бўйича миллий тест тизими Вазирлар маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги 646-сонли қарори билан жорий қилинган. Қарорга мувофиқ, миллий тест тизими доирасида тестларни муваффақиятли топшириб, сертификатга эга бўлган абитуриентларга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида тегишли фандан максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.

Қарорда сертификат бериш учун тузиладиган тест топшириқлари Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан ишлаб чиқилиши белгиланган. ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов ҳам тестларнинг мазмунига Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълим вазирлиги масъул эканлигини таъкидлаган эди.

«Газета.uz»даги маълумотларга қараганда, тест топшириқлари Давлат тест марказида тузилган. Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан тавсия этилган экспертлар билан ДТМ ўртасида тест топшириқларини тузиш бўйича шартнома имзоланган. Тест топшириқларини тузишга ХТВ ва инспекция тавсия этган экспертлардан ташқари, ДТМнинг ўз экспертлари ҳам жалб қилинган. Хусусан, она тили ва адабиёт фанидан ХТВ ва инспекция тавсия этган экспертлар томонидан битта тест варианти, ДТМ экспертлари томонидан 3та тест варианти тузилган ва имтиҳонларда шу вариантлардан топшириқларни аралаштирган ҳолда шакллантириладиган тест вариантлари ишлатилиши айтилган.