Ижтимоий тармоқларда раққосалар билан видеоси тарқалган Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ишдан кетди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига таяниб, «Sirdaryo Xabarlari» маълум қилди.

Фото: «Sirdaryo Xabarlari»

Таъкидланишича, Сирдарё тумани ҳокими қарори билан унинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нурали Мирзаев 14 июнь кунидан ўз аризасига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Маълумот учун, Нурали Мирзаев Сирдарё тумани ҳокими Ботиржон Мирзақуловнинг ўринбосари лавозимига 2021 йил май ойи бошида тайинланганди.

Шунингдек, Сирдарё тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов ҳам 14 июнь кунидан ўз аризасига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Аввалроқ, Сирдарё вилояти ҳокимлиги масъулларни ресторандаги раққосалар билан боғлиқ видео ортидан лавозимидан озод қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.